Қозоғистонда 2024 йил
1 январидан бошлаб бизнес инсон иштирокисиз текширилади. Мамлакатда
таваккалларни бошқариш автомат тизими ишга тушириляпти. Натижада, тадбиркорларни
режа асосида текшириш икки марта камаяди. Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт
ташкилоти берган маълумотга кўра, республика бизнесга тушаётган юкламани
камайтириш бўйича муваффақиятларга
эришган. Сенатда бўлиб ўтган Ҳукумат соатида Миллий иқтисодиёт вазири
таъкидлашича, сўнгги 5 йил давомида кичик ва ўрта бизнес мунтазам ривожланиб
келяпти. Унинг мамлакат иқтисодиётидаги улуши 31 фоиздан 36 фоизгача ўсди. Ҳозир
Қозоғистонда 2 миллион тадан зиёд кичик ва ўрта бизнес субъекти бор. Уларнинг 90
фоизи ишлаб турибди. Давлат ёрдами чоралари тадбиркорлар фаоллигини оширишга
хизмат қиляпти. Янги дастурга кўра асосий эътибор субсидиядан бизнес учун
кафолатлар берилишига ва бизнеснинг йириклашишига қаратилади.
Алибек Қуантиров,
Қозоғистон Республикаси Миллий иқтисодиёт вазири:
- Жорий йилнинг 10 ойи
давомида «субсидиялаш» шаклидаги имтиёзли молиялаш билан 9 мингта бизнес
лойиҳасининг 669 миллиард тенге ҳажмидаги кредити қамраб олинди. 7 мингта
лойиҳага 270 миллиард тенге кредит
кафолатланди. Бизнес ҳамжамият билан тизимли мулоқот ўрнатилган. Бош вазир
раҳбарлигида ўтказиладиган мамлакат тадбиркорлари кенгаши йиғилишларида, ҳар
ҳафта унинг ўринбосари даражасида, шунингдек, Ҳукуматнинг бизнес билан
ўтказиладиган минтақавий учрашувларида муҳокама қилинади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.