Қозоғистон ва Хитой қиймати 2,5 миллиард долларга тенг 8 та тижорат шартномаси имзолади. Қўшма лойиҳалар илғор соҳаларда, шу жумладан, кокс-химия ва кўмир химияси ишлаб чиқаришида рўёбга чиқарилади. Шанхайдаги Қозоғистон - Хитой инвестициявий давра суҳбати шундай натижа барди. Тадбирда иштирок этган республика Бош вазири Ўлжас Бектенов ХХР Давлат кенгаши раиси Ли Цянь ва бизнес вакиллари билан музокара ўтказди. Бош вазир мамлакатлар яқин келажакда ўзаро савдо ҳажмини икки марта кўтариш ниятида эканлигини тилга олди. Қозоғистон учун саноатни ривожлантириш муҳим масала бўлиб қолмоқда. Ўлжас Бектенов Хитой компанияларини мамлакат бизнес-ҳамжамияти билан тиғиз ҳамкорлик қилишга даъват этди. Ўз навбатида, Хитой компаниялари мамлакатимизни лойиҳалар рўёбга чиқаришда ишончли ҳамкор сифатида кўришини таъкидлашди.
Ержан Елекеев, «Казахинвест» миллий компанияси» ҲЖ бошқаруви раиси:
- Давра суҳбатида 30 дан зиёд компания қатнашди. Уларнинг таркибига эътибор қилсангиз, турли саноат йўналишларида ишлашини кўрасиз. Лекин шуни таъкидлашни истардимки, бу компанияларнинг ҳаммаси илғор технологиялардан фойдаланади, ўз соҳасининг пешқадамларида. Бизнинг вазифамиз эса Қозоғистонда юқори қўшимча қиймат келтирувчи янги етакчилар, янги компания пайдо бўлишини таъминлашдан иборат.
Аргулан Майконов, қўшма корхона раҳбари:
- Сарань саноат зонаси базасида қўшма корхона тузиш тўғрисида шартнома тузилди. Инновациявий завод юк ва тижорат техникаси ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Кабиналарни кавшарлаш, катафорез, бўяш, майда қисмлардан юк машиналари йиғиш ишларини амалга ошириш учун замонавий ускуналар харид қилинди.
Абдумалик Сарманов таржимаси.