Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорлик мисли кўрилмаган даражага чиқди. Умумий саъй-ҳаракатлар туфайли чегара, сув таъминоти, миграцияга доир муҳим масалалар ҳал этилмоқда, минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш чора-тадбирлари қабул қилиниб, савдо тўсиқлари бартараф этиляпти, транспорт алоқалари кенгаймоқда. Булар барчаси - минтақа давлатлари бошлиқлари даражасида мунтазам равишда ўтказилаётган маслаҳат учрашувларининг натижасидир, дея таъкидлади Қозоғистон Президенти. Бугун Астанада Қосим-Жўмарт Тўқаев раислигида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг 6-саммити ташкил этилди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Шуни ишонч билан айтиш мумкинки, ўтган йиллар давомида маслаҳат учрашувлари минтақанинг ҳамжиҳатлиги ва халқаро субъектлигини намойиш этувчи самарали майдончага айланди. Бизнинг биргаликда замонавий чорловларга жавоб беришга тайёрлигимизни кўрстади. Марказий Осиё ҳамиша ўзига хос тамаддунларни ўзига жалб этувчи марказ бўлиб келган, умумжаҳон тараққиётида муҳим рол ўйнаган. Тарихий умумийлик ва менталитетдаги яқинликни ҳисобга олган ҳолда биз улкан имкониятлар тақдим тувчи, келажак сари интилаётган Марказий Осиёнинг янги қиёфасини шакллантираяпмиз.
Эндиликда ҳамкорликни ривожлантириш динамикасини юқори даражада тутиб туриш ўта муҳим. Марказий Осиё бундан кейин ҳам хавфсизлик, ҳамкорлик ва тараққиёт майдони бўлиб қолмоғи лозим. Қосим-Жўмарт Тўқаев яна бир долзарб вазифа мустаҳкам иқтисодий асосни шакллантириш эканлигини уқтириб ўтди. Ва бу борада сезиларли натижалар бор. Масалан, минтақа ичидаги савдо ҳажми 11 миллиард долларга етган. Эндиги вазифа - уни 15 миллиард долларга етказиш.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Мамлакатларимизнинг йирик инфратузилмавий ва транспорт лойиҳалари иқтисодиётимизнинг ўсиш нуқталарига айлана олади. Бундай ўзаро фойдали ҳамкорлик намуналари минтақада мавжуд. Гап Қирғизистондаги 1-Қамбарота ГЭСи, Тожикистондаги Роғун ГЭСи, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистондаги газлойиҳалари, янги транспорт йўлаклари қурилиши ва бошқаларни кўрсата оламиз. Чегара туманларда савдо-логистика ва саноат хабларини ривожлантириш устувор вазифа ҳисобланади.
Қозоғистон Президенти, шунингдек, минтақада янги жамланган сув сиёсатини ишлаб чиқиш заруратини ҳам таъкидлаб ўтди. Бунинг учун Сув-энергетика консорциуми ташкил қилиниши мумкин. Айтиш жоиз, учрашув якунлари бўйича «Марказий Осиё бешлиги» етакчилари томонидан бир қатор ҳужжатлар имзоланди. «Марказий Осиё-2040» минтақавий кооперацияни ривожлантириш концепцияси ва 2027 йилгача минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш йўл харитаси шулар жумласидан.
Абдумалик Сарманов таржимаси.