Қозоғистон Президенти Москвада қатор учрашувлар ўтказди

Қозоғистон Президенти Москвада қатор учрашувлар ўтказди

Москвада Қосим-Жўмарт Тўқаев Венеуэла президенти Николас Мадуро билан музокара ўтказди. Давлат раҳбари таъкидлашича, ушбу мамлакат муҳим ҳамкорлар қаторидан ўрин олган. Икки томонлама муносабатларни ривожлантириш учун Қосим-Жўмарт Тўқаев Николас Мадурони давлат ташрифи билан келишга чақирди. Томонлар савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди. Энергетика соҳасига алоҳида эътибор берилди. Учрашув ниҳоясида устувор экспорт маҳсулотлари рўйхатини тузиш тўғрисида келишиб олинди.


Қозоғистон Президенти Мьянма Бош вазири Мин Аун Хлайн билан ҳам учрашди. Томонлар нефть кимёси, агросаноат, рақамлаштириш, транспорт ва логистика бўйича ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилишди. Қосим-Жўмарт Тўқаев иқтисодий алоқаларни чуқурлаштириш учун тадбиркорлар ташрифларини ташкил этишни таклиф қилди.


Давлат раҳбари Сербия Президенти Александр Вучич билан ҳам учрашди. Томонлар аввал эришилган келишувларни рўёбга чиқариш ҳамда Сербия Президентининг Астанага ташрифи муносабати билан икки томонлама, халқаро даражалардаги масалалар бўйича мулоқотни давом эттириш ҳақида келишиб олишди.


Абдумалик Сарманов таржимаси