Қосим-Жўмарт Тўқаев тошқиндан жабрланганлар билан учрашди

Қосим-Жўмарт Тўқаев Шимолий Қозоғистон вилоятига қилган амалий ташрифи доирасида Қизилжар тумани, Петропавловск атрофи, Сергеевск сув омборини юқоридан кузатди. Вилоят ҳокими тошқин билан боғлиқ вазият юзасидан Президентга ҳисобот берди. Олти туманда фавқулодда вазият эълон қилинган, 10 минг нафар фуқаро кўчирилган. Аҳоли билан учрашувда Қосим-Жўмарт Тўқаев жабрланганларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатишини яна бир марта таъкидлади. Табиий офатдан зарар кўрганларга бир марталик ёрдам берилади ва йўқотган мол-мулки учун тўлов берилади. Тикланиши имконсиз бўлган бинолар ўрнига янгиси қурилади ва бунёд этилган тегишли инфратузилмаларга уланади. 

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти: 

- Барчамиз оғир даврни бошдан кечиряпмиз. Бу – бутун миллатнинг бошига келган офат. Иккинчи томондан, ижобий белгилар кўрина бошлади. Сув аста секин чекиняпти. Келгуси 10 кун биз учун оғир кечади, деб ўйлайман. Лекин биз ҳозирнинг ўзида бутун мамлакатни қайта тиклаш ва офат оқибатларини бартараф этишга киришдик. Аввал айтганимдек, Ҳукумат ҳеч бир фуқарони эътибордан четда қолдирмайди. Тўловлар ўтказиш бошланди.  

Президент таъкидлашича, асосий устуворлик – фалокатдан зарар кўрган ҳар бир қозоғистонликка ёрдам беришдан иборат. Шунинг учун тошқиндан кўрилган зарарни ҳисобга олган ҳолда Ҳукумат, вазирликлар ва ҳокимликлар имиж учун ўтказиладиган йирик тадбирлардан воз кечиши лозим. Қосим-Жўмарт Тўқаев Петропавловск гидротугунини ҳам бориб кўрди. У туфайли Есиль суви Сергеевск ва Петропавловск сув омборларини тўлдиради ва қуйига оқади. Вилоят вазири таъкидлашича, тошқинлар қор фаол эриб, Есилга қуйилиши ва Ақмўла вилоятидан кўп миқдорда сув келиши билан боғлиқ. Дарёдаги муз тиқинлар ҳам вазиятни мураккаблаштирган.  

Шуғаип Ибатуллин, «Қозоғистон сув хўжалиги» Республика давлат корхонасининг Шимолий Қозоғистон бўйича директори:  

- Ҳар иккала сув омбори 2022 йилда кўп факторли текширувдан ўтган, техник ҳолати қониқарли, деб баҳоланган. Шу кунларда мазкур сув омборлари кўрсатилган тартибда ишлаяпти.  

Аҳолига ёрдам кўрсатаётган қутқарувчилар, волонтёрлар ва вилоят бизнесменлари билан учрашувда Қосим-Жўмарт Тўқаев фавқулодда вазиятда халқ жипслигини намойиш қилганини таъкидлади ва миннатдорчилик билдирди. 

Абдумалик Сарманов таржимаси.