Ақўрдада тўртта давлат – Қувайт, Монголия, Монако князлиги ва Эль-Сальвадор Республикасининг фавқулодда ва мухтор элчилари Давлат раҳбарига ишонч ёрлиқларини топшириши маросими ўтказилди. Қосим-Жўмарт Тўқаев дипломатларни Қозоғистондаги миссияси бошланиши муносабати билан қутлади, улар икки томонлама алоқаларни ривожлантиришга улуш қўшишига ишонч билдирди. Президент мамлакатимизда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини маълум қилди. 15 март куни республикада янги Конституция қабул қилиш бўйича референдум ўтказилганини эслатди. «Биз Адолатли Қозоғистон бунёд этяпмиз, инновациялар ва сунъий интеллектни ривожлантиришга эътибор қаратган давлат бўлишга интиляпмиз», дея таъкидлади Қосим-Жўмарт Тўқаев. Президент Қозоғистон тинчликсевар ва мувозанатлашган, бошқа давлатлар билан ўзаро фойдали алоқалалрни мустаҳкамлашга қаратилган ташқи сиёсат олиб бораётганини алоҳида кўрсатиб ўтди. Давлат раҳбари Монголия Президенти ташриф буюриши, сўнгра Астанада БМТ васийлигида Минтақавий экологик саммит ҳамда Оролни қутқариш халқаро жамғармаси давлат раҳбарлари кенгаши йиғилиши ташкил қилинишини тилга олди.
Гунаажавин Батжарғал, Монголия Республикасининг Қозоғистон Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси:
- Бугунги кунда мамлакатларимиз стратегик ҳамкорликни ривожлантиряпти. Бундан ташқари, савдо-иқтисодий ҳамкорлик фаол ўсяпти. Монголия Президенти келаси ҳафтада Қозоғистонга келади ва Астанадаги ўта муҳим халқаро анжуман - Минтақавий экологик саммитда қатнашади. Мамлакатлар ва халқлар ўртасида ҳамкорлик ривожланиши учун слоҳият ўсаётганини кўряпман.
Абдумалик Сарманов таржимаси

