Қозоғистон Вьетнамга экспортини кенгайтирмоқчи. Салкам 100 миллион доллар қийматга эга 35 турдаги маҳсулот таклиф этиляпти. Икки давлат ўртасидаги Савдо-иқтисодий ва илмий-техник ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 11-йиғилишида шундай баёнот берилди. Қозоғистон металлургия, нефть химияси, химия ва озиқ-овқат саноати товарларини таклиф этяпти. Шунингдек, дон, ун, макарон, сут ва гўшт маҳсулотлари экспортини йўлга қўйиш ниятида. Товарларнинг бир қисми стандартларга мос бўлиши зарур. Бунинг учун хавфсизлик ва сифат талабларга мослиги сертификатланиши керак. Томонлар яқин кунларда бир-бирига чорвачилик маҳсулотларига қўйиладиган санитария-ветеринария талабларини тақдим этиш ниятида.
Арман Шаққалиев, Қозоғистон Республикаси Савдо ва интеграция вазири:
- Ўтган йили Ханойдаги савдо миссияси майдончасида Қозоғистон – Вьетнам бизнеси ўртасида ҳамкорликнинг янги формати тақдим этилди. Биз қисқа вақт ичида 35 товар тури бўйича экспорт ҳажмини 100 миллион долларга кенгайтириш ниятидамиз. Экспорт акселерацияси билан шуғулланувчи Қозоғистон компаниялари Вьетнам бозорига кўз тикди, таҳлил кўрсатишича, компанияларнинг кўпчилиги маҳаллий вакилликлар ёки дистрибьютерлар орқали Вьетнам бозорида ишлаш имкониятларини ахтараяпти. Ўтган йилнинг сентябрь ойида ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун йирик компаниялар билан учрашувлар ўтказилди.
Қозоғистон ва Вьетнам ўртасида ўзаро савдо ҳажми ортиб боряпти. Ўтган йили бу кўрсаткич 85 фоизга кўпайди ва 980 миллион долларни ташкил қилди. 2023 йил ёзида давлат раҳбарлари келгуси йилларда икки томонлама савдо айланмасини бир ярим миллиард долларга етказиш ҳамқида келишиб олганди.
Абдумалик Сарманов таржимаси.