Қозоғистон Президенти қишлоқларни ривожлантиришдаги асосий вазифаларни белгилаб берди

Қозоғистон Президенти қишлоқларни ривожлантиришдаги асосий вазифаларни белгилаб берди

Бугун Астанада икки мингга яқин қишлоқ ҳокимлари давлат раҳбари билан махсус мулоқот платформасида Қозоғистондаги овулларга доир долзарб масалалар  муҳокамаси учун тўпланди. Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлаганидек, қишлоқларни равнақ топтириш – Қозоғистон учун стратегик аҳамиятга эга. Овуллар мамлакат фаровонлиги гарови саналади. Ва бунда биринчи ўринга қишлоқ ҳокимлари чиқади,  аҳоли манзилларининг гуллаб-яшнаши улар иши ва фидойилигига боғлиқ. Улар зиммасида катта масъулият ётибди, қолаверса, мамлакатда сиёсий модернизациядан кейин қишлоқ ҳокимларини аҳолининг ўзи сайлайдиган бўлди. 

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти: 

- Биз ортиқча шошилишга йўл қўймадик: қишлоқ округларида ҳоким сайлови бўйича ишлар беш йил мобайнида аста-секин амалга оширилди. Бутун мамлакатда  қишлоқ округларининг 2 минг 334 нафар ҳокими сайланди. Уларнинг ўртача ёши – 43 да. Сайланган ҳокимларнинг учдан бири – илгари давлат хизмати тизимида ишламаган фуқаролар. Қишлоқлардаги сайловлар минтақалардаги сиёсий партиялар ишига янги туртки берди. Бундан ташқари, ўз номзодини илгари сурган 700 дан ошиқ фуқаро сайловларда ғалаба қозонди. Сайланган ҳокимлар вазифаларига киришди ва, умуман, улар иши натижаси ёмон эмас. Энг муҳими, улар маҳаллий аҳоли эҳтиёжи ва дардини билади, ечилмаган муаммолардан жуда яхши хабардор. 

Бундай ўзгариш туфайли бюджетдан молиялаштиришни ўзлаштириш нисбатан самарали бўлди, аҳоли манзиллари даромади ҳам ўсиб бормоқда. Қолаверса, яқинда ўтказилган ижтимоий сўровга кўра, қишлоқлар аҳолисининг 84 фоизи ўз ҳокимига ишонади. Ўтган 4 йилда қишлоқларда 800 дан ортиқ соғлиқни сақлаш объекти қурилган, 388 та янги ўқув муассасаси очилган. Ўтган йили 2 мингта қишлоқ мактаби сифатли интернет билан таъминланди. 

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти: 

- Қишлоқларимиз салоҳияти йилдан-йилга яхшиланмоқда. Юқори даражада ўз-ўзини таъминловчи қишлоқ аҳоли манзиллари сони ошди. Қишлоқ хўжалигида ялпи маҳсулот ҳажми  олти йил ичида 1,5 мартадан кўпроқ ўсди, 8,3 триллион тенгега етди. Жорий йилда давлат хўжаликларни қўллаб-қувватлаш учун 1 триллион тенге ажратди. Дунёда фақат саноқли давлат фермерларга шундай катта ёрдам кўрсатади, қолаверса, бу каби молиявий кўмак кўп мамлакатларда мавжуд эмас. 

Қишлоқларни келгусида равнақ топтириш учун Президент ҳокимларга қўйиладиган талабларга эътибор қаратди.  Улар ўз билимини ошириб бориши керак. Бунда уларга Давлат хизмати ишлари бўйича агентлик тегишли вазирлик билан ҳамкорликда кўмаклашиши лозим.  Шу билан бирга, қишлоқ ҳокими ваколати аниқ белгиланган бўлиши шарт. Давлат раҳбари депутатларга қонунчиликка ўзгаришларни муҳокама қилганда, буни ҳисобга олишни топширди. Ва энг муҳими, Қосим-Жўмарт Тўқаев қонунчилик даражасида ҳокимлар аҳоли олдида ҳисобот беришини белгилашни, ўз мажбуриятларини бажармаган тақдирда улар ваколатини қисқартириш  механизмини ўйлаб чиқишни буюрди. Президент Ҳукуматга қишлоқларни рақамлаштиришни истиқболли вазифа ўлароқ топширди.  Яна бир муҳим жиҳат – қишлоқда бизнесни қўллаб-қувватлаш.  Бунда ўз ишини ривожлантириш истагида бўлганларга «Ауил аманати» лойиҳаси ёрдам беради.  2029 йилгача бу дастурни амалга оширишга  тахминан 600 млрд тенге ажратилади. 

Абдумалик Сарманов таржимаси