Жаҳон ва анъанавий эътиқодлар етакчиларининг 7-съезди бир дақиқалик сукут билан бошланди. «Пандемиядан кейинги даврда инсониятнинг маънавий ва ижтимоий тараққиётида жаҳон ва анъанавий эътиқодлар етакчилари роли» пленар йиғилишини президент Қосим-Жўмарт Тўқаев очиб берди. Давлат раҳбари жаҳоннинг маънавий раҳбарлари мулоқотини ташкил этиш улкан ишонч эканлигини тилга олди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Муҳтарам дин арбоблари, ҳурматли меҳмонлар, хонимлар ва жаноблар! Меҳмондўст қозоқ заминига хуш келибсиз! Биз учун ушбу даргоҳда жаҳон етакчиларини тўплаш ва мулоқот олиб бориш фахр. Таклифимизни қабул қилганингиз ва Қозоғистонга келганингиз учун миннатдормиз. Бу анжуман жаҳонда тинчликни сақлаш ва цивилизациялараро мулоқотни мустаҳкамлашга эътиборингизни кўрсатади. Ўзгаришлар ва беқарорлик даврида ўтказилаётган бугунги учрашув алоҳида аҳамиятга эга.
Президент таъкидлашича, турли этнос ва динлар тинч-тотувликда яшаётгани Қозоғистоннинг энг катта бойлиги. Анжуман ўтказилиши эса, давом этди Давлат раҳбари, мамлакатда ҳам, жаҳон миқёсида ҳам мулоқот ва ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган давлат сиёсатининг муҳим қисми. Дин етакчилари бир даврада тўпланар экан, бутун жаҳонга ҳар қандай зиддиятларни енгиб ўта олувчи иродаси мавжудлигини кўрсатмоқда. Президент фикрича, ушбу Съезднинг миссияси ва ўзига хослиги шунда.
Абдумалик Сарманов таржимаси.