Конституцияга ўзгаришлар юзасидан умумхалқ овоз бериши. Қозоғистон халқи Ассамблеяси сессиясида Қосим-Жўмарт Тўқаев шундай таклиф билдирди. «Референдум ҳар бир фуқаронинг мамлакат тақдирини ҳал этишда бевосита қатнашиши учун йўл очиб беради. Ҳар томонлама демократлаштириш ва Янги Қозоғистон барпо этишга қаратилган йўналишни мустаҳкамлайди», дея таъкидлади президент. Унинг маълум қилишича, ишчи гуруҳ Асосий Қонуннинг 33 моддасига ўзгариш киритишни таклиф қилган. Бу эса Конституциянинг учдан бир қисми дегани. Ўзгаришлар лойиҳаси Конституциявий кенгашга берилди. Давлат раҳбари ҚХА фаолиятининг асосий устувор йўналишларини ҳам кўрсатиб ўтди. Ассамблея сиёсий жараёнлар ва ижтимоий салоҳиятни фаоллаштиришда ўз ўрнига эга бўлиши керак. Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлашича, бир ойдан кейин янги мулоқот майдончаси – "Миллий қурултой" иш бошлайди. У мамлакат тараққиётининг асосий масалалари муҳокамаси учун жамиятни жипслаштириши кутиляпти. Қурултойда депутатлар, Ассамблея аъзолари, экспертлар, ноҳукумат ташкилотлар, жамоатчилик ва бизнес вакиллари қатнашади. Президент маълум қилишича, этномедиация ўқув маркази ташкил қилинади. Унда давлат хизматчиларига тотувлашиш йўлларини қандай аниқлаш ўргатилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.