Давлат раҳбари «БРИКС ПЛЮС» саммитида қатнашди

Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозон шаҳрида ўтказилган БРИКС-плюс саммитида нутқ сўзлади. Унда 36 та давлат вакиллари ва 6 та халқаро ташкилот етакчилари қатнашди. Давлат раҳбари ташкилотнинг халқаро саҳнада катта ўрин тутганини тилга олди. Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг фикрича, БРИКСнинг кўптомонлама алоқалари дунё миқёсида муқобили бўлмаган Бирлашган Миллатлар ташкилотининг фаолиятини тўлдиради. 

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:  

- Биз Россиянинг ўзаро ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш орқали геосиёсий тарангликни юмшатишга қаратилган Евроосиёда тенг ва ажралмас хавфсизлик яратиш концепциясини юқори баҳолаймиз. Қозоғистон Хитойнинг халқаро барқарорликни сақлаш, суверенитетни муҳофаза қилишга, кўп томонлама ёндашувлар ва зиддиятларни тинч йўл билан ҳал этишга йўналтирилган глобал хавфсизлик борасидаги ташаббусини қўллаб-қувватлайди. Умуман олганда, Қозоғистон Хитой ва Бразилиянинг Украина бўйича режасини маъқуллайди.  

Қозоғистон бугунги кунда БРИКС давлатлари билан фаол ҳамкорлик қиляпти. Ўтган йили мамлакат ташқи савдо айланмасининг ярми ана шу давлатлар ҳиссасига тўғри келди. Айни вақтда, инвесттициялар, IT-технологиялар, ўта муҳим минераллар, озиқ-овқат хавфсизлиги, таълим ва туризм ҳам истиқболли йўналишларга айланяпти, дея таъкидлади Қосим-Жўмарт Тўқаев. «БРИКС плюс» форматида ўзаро ҳамкорлик, Давлат раҳбарининг фикрича, энергетика хавфсизлигини таъминлаш, иқлим ўзгариши асоратларини бартараф этиш учун зарур. Нутқининг ниҳоясида Президент бундай кенгайтирилган форматдаги ҳаракат Шимол ва Жануб ўртасидаги ўзаро алоқани мустаҳкамлаши, халқаро хавфсизликни мустаҳкамлаши ҳамда глобал тараққиёт учун шарт-шароит яратишини таъкидлади. 

Абдумалик Сарманов таржимаси.