Қозоғистон
Президенти Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг ўтган йил ва
2026 йилнинг дастлабки беш ойи якунлари бўйича ҳисоботини тинглади. Асқарбек
Ертаевнинг айтишича, барча ижтимоий мажбуриятлар ўз вақтида ва тўлиқ
бажарилмоқда. 2025 йилда пенсия ва нафақаларга қарийб 6 триллион тенге
ажратилди. Жорий йил бошидан эса 2 ярим триллион тенгедан зиёд маблағ тўланди.
Мамлакат бўйлаб 200 минг нафардан зиёд фуқаро иш билан таъминланди. Жорий йилда
яратилган доимий иш ўринлари 3 миллионтага етиши мўлжалланган. Манғистау ва
Павлодар вилоятларида сунъий интеллект технологияларини жорий этиш доирасида
"Рақамли бандлик хизмати"ни пилот режимида ишга тушириш
режалаштирилган. Давлат раҳбари соҳани рақамлаштириш, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя
қилиш бўйича топшириқлар берди. Қосим-Жўмарт
Тўқаев барча чора-тадбирлар халқ фаровонлигини
оширишга қаратилиши зарурлигини таъкидлади.
Аскарбек
Ертаев, Қозоғистон Республикаси Меҳнат
ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири:
- Аҳолини иш билан таъминлаш борасида аниқ натижалар бор. Республика бўйича 201 минг нафар фуқаро, шу жумладан, 75 мингга яқин ёшлар иш билан таъминланди. Рақамли ечимларни кенг жорий этиш ва сунъий идрок имкониятларидан фаол фойдаланиш режалаштирилган. Мен меҳнат муносабатларини рақамлаштириш ҳақида маъруза қилдим. Бугунги кунда 6,7 миллионта меҳнат шартномаси электрон шаклда тузилган. Шунингдек, ишлаб чиқаришда жароҳатланиш ва бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

