Манғистау вилоятининг транспорт-логистика салоҳиятини кенгайтириш зарур. Қосим-Жўмарт Тўқаев минтақа жамоатчилиги билан учрашувда шундай баёнот берди. Айтилгани каби, Манғистаунинг географик жиҳатдан қулай жойлашуви дунё аҳамиятига эга транзит тугунига айланиш имконини беради. Жаҳон бозорларидаги вазиятдан келиб чиққан ҳолда Транскаспий йўналишини янада ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга. Давлат раҳбари таъкидлашича, Ақтау ва Қуриқ орқали нефть экспортини 20 миллион тоннагача ошириш зарур.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Ақтау порти Қозоғистоннинг денгиз дарвозаси ҳисобланади. Глобал логистика занжирида ўзгариш юз бераётган бир вақтда Каспий денгизининг аҳамияти кескин ошди. Биз порт инфратузилмаларини ривожлантириш учун инвестиция жалб этиш, контейнер ва транспорт-логистика хаби яратиш бўйича қатор чора-тадбирларни режалаштирмоқдамиз. Жаҳон бозоридаги мавжуд вазиятдан келиб чиққан ҳолда, Транскаспий йўналишини ривожлантиришда давом этиш муҳим аҳамиятга эга. Ҳамкор давлатлар билан бу борада ҳамфикрмиз.
Қосим-Жўмарт Тўқаев махсус иқтисодий зонани ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Уларнинг салоҳияти жуда юқори. Жумладан, «Ақтау денгиз порти» зонаси киритилган инвестиция, ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳамда тўланган солиқлар бўйича пешқадамлик қилмоқда. Давлат раҳбари Ҳукуматга ўзлаштирилмаган ер участкаларини инфратузилма объектлари билан таъминлаш ҳамда фаолияти даврини узайтириш тўғрисида топшириқ берди. Президент таъкидлашича, «яшил» водород ишлаб чиқариш марказини бунёд этиш лойиҳаси Қозоғистоннинг хорижликлар билан инвестициявий ҳамкорлиги намунаси бўла олади.
Абдумалик Сарманов таржимаси