Европа Иттифоқи билан виза тартиби енгиллашади

Қозоғистонлик дипломатлар Европа Иттифоқи билан виза тартибини енгиллаштириш устида иш олиб боряпти. Шу жумладан, талаб қилинадиган ҳужжатлар рўйхатини қисқартириш, виза муддатини узайтириш масаласи муҳокама қилинмоқда. Республика Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Айбек Смадияров ўтказган брифингда Брюссель ва Астанада томонлар иштирокида музокаралар ташкил қилгани айтиб ўтилди. Сентябрь ойи охирида бўлган иккинчи учрашувда Европа элчилари бу жараёнга қизиқиш борлигини билдирган. Аммо ҳозирча аниқ натижалар тақдим этилмади. 

Айбек Смадияров, Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили:
- Ёдингизда бўлса керак, баҳорда Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу амалий сафар билан Брюсселда бўлганди, унда Европа Иттифоқининг виза масалалари бўйича масъул амалдорлари билан учрашувлар ташкил этилган. Европа томони виза олишни енгиллаштириш тўғрисида сиёсий келишувни маъқуллади. Лекин 27 давлат билан бир вақтда шартнома тузиш осон эмас, виза тартибини енгиллаштириш учун анча тер тўкишга тўғри келади.

Абдумалик Сарманов таржимаси.