Қосим-Жўмарт Тўқаев: Қозоғистон мувозанатлашган ва прагматик ташқи сиёсат юритади

2024 йил Қозоғистон учун ўта муҳим сана. У келгуси беш йиллик ривожланиш цикли учун пойдевор яратади, республика бир вақтнинг ўзида бир қанча нуфузли минтақавий ва халқаро ташкилотлар, бирлашмаларга раислик қилади. Қатор кенг қамровли саммит ва форумлар ўтказилади. Шу жумладан, июнь ойида пойтахтда «Астана халқаро форуми» ташкил қилинади. унда турли давлатлар ҳамда халқаро компаниялар раҳбарлари қатнашиши кутиляпти. Қозоғистон, ўз навбатида, яна бир марта иқлим ўзгариши, озиқ-овқат етишмаслиги ва энергетик хавфсизлик каби умумжаҳон муаммолари муҳокама қилинадиган глобал майдонча сифатида ўзини кўрсатади. Республикамиз қандай қилиб хорижлик ҳамкорлар ва қўшнилар билан ўзаро фойдали, прагматик ҳамкорлик қилаётгани тўғрисида Қосим Жўмарт Тўқаев «Egemen Qazaqstan» газетасига берган интервьюсида ҳикоя қилди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Биз мамлакатнинг миллий манфаатларини ҳисобга олган ҳолда бунёдкорликка қаратилган, мувозанатлашган ташқи сиёсатни олиб боришда давом этамиз. 2024 йилда мамлакатда қатор нуфузли саммитлар ва форумлар ўтказилади. Қозоғистон қатор обрў-эътиборли ташкилотлар: Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти, Жамоавий хавфсизлик шартномаси ташкилоти, Осиёда ҳамкорлик ва ўзаро ишонч чоралари кенгаши, Туркий давлатлар ташкилоти, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси, Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича ислом ташкилотига раислик қиламиз.
Президент интервьюда минтақавий ҳамкорликнинг муҳимлигига эътибор қаратди. Жадал ривожланаётган Марказий Осиё савдо, инвестиция, бизнес, инновацияларда катта салоҳиятга эга. Буни бутун дунё тан олади, шунинг учун минтақага катта таъсирга эга ташқи ўйинчиларнинг қизиқиши ортиб боряпти. Натижада «С5+» майдончасига талаб ортяпти. Қозоғистон қўшни давлатлар билан ҳам сиёсий мулоқотни, стратегик ҳамкорликни фаол ривожлантиряпти. Шу жумладан, Россия билан ҳам. Кўп томонлама тузилмалар доирасида, шунингдек, минтақавий барқарорлик ва халқаро хавфсизликни таъминлаш масаласида ўзаро алоқалар давом этяпти. Ўтган йили шарқдаги қўшнимиз билан ҳамкорликнинг «Олтин ўттиз йиллиги» нишонланди. Қозоғистон – Хитой муносабатларини Давлат раҳбари «намунали», деб атади. Ўтган йили ўзаро товар айланмаси мисли кўрилмаган
даражада ўсди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Ҳозир Хитой, шу жумладан, юқори технологиялар соҳасида, олий даражада ривожланган давлат. Буни дунё тан оляпти. Қозоғистонга шарқдаги қўшнимиз билан ҳамкорлик қилиш, бундай дўстлик муносабатлари ва ўзаро ишонч устунликларидан самарали фойдаланиш жуда муҳим.