V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари дунё эътиборида. Мухлисларнинг кўпчилиги «зангори экран» орқали беллашувларни томоша қилаётган бўлса, кўпчилиги Астанага шахсан келди. Улар қаторида Ўзбекистонлик машҳур опера ижрочиси Хурсанд Шеров ҳам бор. У Тошкентдан Астанага велосипед билан келди.
Хурсанд Шеров, турист, Ўзбекистон:
– Кўчманчилар анжуманини шахсан қўллаб-қувватлаш учун келдим. Полвонларимизни, Осиёнинг алп курашчиларини қутлаш учун улкан масофаларни босиб ўтдим.
Қозоғистонга ошиққан жаҳонгашталар орасида денгиз ошганлар ҳам талайгина. Сариарқага келган мухлислар мақсади муштарак: кўчманчилар меросидан баҳраманд бўлиш.
– Мен Австралияданман. V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари жуда юқори даражада ташкил қилинган. Уч кунда аудариспақ, кўк бўри ҳамда жамби ату каби кўҳна ўйинлар билан танишдим.
– Мен Қозоғистонга Сингапурдан мотоциклда келдим. Аввало камончи чавандозлар маҳоратини кўрмоқчиман. Кўкпар ва кураш беллашувларини томоша қилмоқчиман. Бу анжуман катта таассурот қолдирди.
Хорижлик меҳмонлар Буюк даштнинг кўҳна ўйинлари билан бирга туркий дунёнинг бой маданий ва маънавий меросини томоша қиляпти. Саёҳатчилар қозоқ урф-одатлари, меҳмондўстлигидан мамнун.
– Жуда ўзига хос маданият. Аввал ҳеч ерда кўрмаган нарсаларимни кузатдим. Камончи чавандозлар маҳорати, бошқа ўйинлар жуда ёқди.
– Мен АҚШнинг Калифорниясидан келдім. Астанадаги Кўчманчилар ўйинлари жуда аломат ўтяпти. Одамлари жуда меҳмондўст, маданияти лол қолдирди. Қозоғистонга ошиқ бўлиб қолдим.
Улкан анжуманга келганлар спорт беллашувларидан ташқари этноовулда кўчманчилар маданияти билан ҳам таниша олади. 10 гектар майдонли очиқ осмон остидаги мажмуада кунига 30 минг нафар меҳмонга хизмат кўрсатилади.
Пойтахт яқинида туркийлар тамаддунига хос кўҳна овул бош кўтаргандек туюлади. Унда ўтовлар тикилган, қозонлар қайнаяпти. Ҳунармандлар кўргазмалари ташкил этиляпти, анъанавий концерт дастурлари ўтказиляпти. Кўчманчилар ўйинларида қатнашувчилар ва меҳмонлар бу ерда турк дунёсининг неъматлари билан танишаяпти.
Таъкидлаш лозимки, V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларига Астанага 100 минг нафардан зиёд турист келиши режалаштирилган.
Абдумалик Сарманов таржимаси.