Қосим-Жўмарт Тўқаев Ғарбий Қозоғистон вилоятининг Теректи, Сирим ва Қаратўбе туманларидаги
вазият билан танишди.
Давлат раҳбарининг амалий сафари сув босган
ҳудудларни айланишдан бошланди. Минтақа ҳокими Нариман Туреғалиев маълум
қилганидек,
бугун 6 та туман ва Уральскда сув тошқини юз берган. 7 мингга яқин одам эвакуация қилинган, улар учун махсус
пунктлар ташкил этилган. Моддий ёрдам кўрсатиш учун маҳаллий бюджетдан 63 миллион
тенге ажратилган. Ҳозирда сувни тортиш ишлари боряпти.
Танишувдан сўнг Қозоғистон Президенти Қаратўбе тумани марказидаги эвакуация пунктида бўлди. Пункт мактаб-гимназияда ташкил этилган. Бу ерда Давлат раҳбари яқин-атрофдан кўчириб келинган
аҳоли билан учрашди. Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлаганидек, ушбу сув тошқинлари
энг катта кўламли бўлди, у давлат йўқотишларни қоплаш учун барча зарур
чораларни кўришини билдирди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев,
Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Мен вазиятни жойида ўрганиш учун атайлаб келдим. Бу мисли кўрилмаган табиий офат, шунинг учун биз бирлашишимиз ва унга қарши
курашишимиз керак. Давлат, Ҳукумат ёрдам қўлини чўзади, моддий-молиявий кўмак
кўрсатилади. Бундан ташвиш тортманглар, ҳаммаси яхши бўлади.
Шунингдек, Давлат раҳбари фавқулодда вазиятлар бўйича
тезкор штаб йиғилишини ўтказди. Президент бир неча вилоят сув тошқинидан жабр
кўрганини таъкидлади. Ҳозирда оқибатларни бартараф этишга доир улкан иш олдинда
турибди. Табиий офатни фақат бирлашиш орқалигина енгиш мумкин, деди
Қосим-Жомарт Тоқаев. Президент Ҳукуматга, давлат органлари ва вилоят
ҳокимларига қисқа фурсатларда коммунал ва ижтимоий инфратузилма тикланишини
таъминлаш, шунингдек, янги уй-жойлар қурилишини бошлашни топширди. Келажакда
эса сув тошқинининг олдини олиш чораларига устувор эътибор қаратилиши лозим.
Қосим-Жўмарт Тўқаев,
Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Баҳорда
дарёларнинг хавфли участкаларида қорни тозалаш,
музларни юмшатиш ва майдалаш, эриган сув оқимини шакллантириш ва бошқа
зарур чораларни олдиндан бажариш керак. Ёз-куз мавсумида дарё ўзанларини ўз
вақтида тозалаш, чуқурлаштириш ва тузатиш,
автомобиль ва темир йўллар остида мавжуд сув ўтказгич иншоотларининг
қувватини ошириш ва янгиларини қуриш таъминлансин. Ҳимоя иншоотлари ва дренаж
каналларини қуриш керак. Бу вазифалар Республика штабига ва умуман Ҳукуматга
топширилади.
Давлатимиз раҳбари сув хўжалиги учун гидротехник,
ирригатор ва бошқа мутахассисларни тайёрлаш, сув ҳавзаларини қуришнинг
аҳамиятини таъкидлади. Бундан ташқари, фавқулодда вазиятларда ҳаракатларнинг
ягона алгоритмини ишлаб чиқиш керак. Унинг фикрича, мазкур ҳужжат фавқулодда ҳолат
эълон қилишдан тортиб, етказилган зарарни қоплаш ва мулкни тиклашгача бўлган
барча ваколатли органларнинг вазифалари ва ҳаракатларини аниқ қамраб олиши
керак.
Абдумалик Сарманов таржимаси.