Қозоғистон Президенти Озарбайжонга қилган расмий ташрифининг иккинчи кунида Физулий шаҳрига борди. Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Илҳом Алиев шаҳарни ривожлантириш бош режасини кўриб чиқдилар. Икки давлат етакчиларига Физулий шаҳри ва унга ёндашган ҳудудларни қайта тиклаш ишлари бориши ҳақида маълумот тақдим этилди. Давлат раҳбарларига аҳоли манзилгоҳининг янги кўриниши, бўлажак маъмурий марказ, шаҳар парки, бошқа муҳим объектлар эскизлари ва лойиҳалари тақдим этилди. Сўнгра президентлар Қурманғази номи берилган болалар ижодиёти марказининг тантанали очилишида қатнашишди. Янги таълим мажмуасига қозоқ бастакори номи бежиз берилмади. Куйчининг асрлар оша етиб келган асарлари туркийлар дунёси дурдонаси ҳисобланади. Замонавий инновациявий марказ Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг ташаббуси билан қардош Озарбайжон халқига Қозоғистон аҳлидан гуманитар ёрдам сифатида қурилган эди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Ушбу мажмуа Қозоғистон халқининг ҳадяси. Менинг шахсий топшириғимга кўра BI Group хусусий компанияси чин дилдан, халқ номидан мана шундай совға тақдим этди. Мазкур объект мамлакатларимиз ўртасида алоқаларнинг мустаҳкамланишига хизмат қилади, деб ўйлайман. Сизга фаровонлик ва муваффақият тилайман. Озарбайжоннинг бу муқаддас ҳудуди жадал ривожланишига шубҳа йўқ.
Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ўз навбатида Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Қозоғистон халқига миннатдорчилик билдирди. Икки давлат етакчилари Болалар ижодиёти марказини кўриб чиқди. Унда 600 нафар боланинг бир қанча сменада дарсдан ташқари таълим олиши учун ҳамма имкониятлар бор. Лекция зали, шаҳмат ва кулинария синфлари, санъат ва ҳайкалтарошлик студиялари, хореография зали, спортзал, ва бошқалар мавжуд. IT-стартаплар ва Озарбайжон миллий маданиятига, шу жумладан, гиламдўзлик санъатига алоҳида эътибор берилган. Давлат раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаев марказ жамоасига Қурманғази дўмбирасининг нусхасини ва мажмуа ўқувчиларини ташиш учун автобус совға қилди.
Сўнгра Қозоғистон ва Озарбайжон президентлари Физулий шаҳар марказий шифохонаси қуриладиган ҳудудни кўриб чиқди. Бўлажак тиббий маскан 180 ўринга мўлжалланган. Бинонинг умумий ҳудуди 34 минг квадрат метр. Унда кардиология, неврология, гемодиализ, умумий даволаш, хирургия бўлимлари, туғруқхона очилиши мўлжалланяпти. Шунингдек, болалар поликлиникаси, функционал ташхис бўлими, гигиена ва эпидемиология маркази иш юритади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.