Келгуси 10 йил Марказий Осиё учун ҳал қилувчи
аҳамиятга эга. Минтақа жаҳон етакчилари қаторига чиқиши мумкин. Шу кунларда
тарихий имкониятдан фойдаланиб қолиш зарур. Бунинг учун республикалар
ўртасида жипслик, ҳамжиҳатлик жуда муҳим. Қосим-Жўмарт Тўқаев Душанбеда ўтказилган Марказий
Осиё давлат раҳбарлари V маслаҳатлашув
учрашувида шундай баёнот берди. Бу йўналишда анчагина ишлар амалга оширилди. Сўнгги беш йил давомида
минтақа ичида савдо айланмаси 80 фоизга ўсган ва 10 ярим миллиард долларга етган.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Мамлакатлар орасидаги савдо оқимларини кенгайтириш. Биз бу йўналишда сезиларли ўзгаришларни кузатяпмиз. Аввал таъкидлаганим каби, минтақа давлатлари орасида мазкур кўрсаткич йил сайин мунтазам ортиб боряпти. Яқин келажакда савдо айланмасини 15 миллиард долларга етказиш имконияти мавжуд.
Бизнес ўртасида бевосита алоқаларни йўлга қўйиш савдо айланмасини кенгайтиришга ёрдам беради. Бунинг учун Президент товар ишлаб чиқарувчилар ягона электрон базаси яратишни таклиф қилди. Масалан, Central Asia Gateway портали бу вазифани бажара олади. Қосим-Жўмарт Тўқаев рақамли ечимлардан кенг фойдаланиш устувор йўналишлардан бири, деб атади.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Қозоғистонда
иқтисодиётнинг барча соҳаларида рақамли ечимлар фаол жорий этиляпти. Масалан, мамлакатда нақд пулсиз транзакциялар улуши 82 фоизга етди, давлат хизматларининг 90 фоиздан кўпроғи электрон шаклда амалга оширилади. Мамлакат IT-соҳаси маҳсулоти экспорти ўтган йили
беш марта ўсди. Биз 2026 йилгача
мазкур кўрсаткични бир миллиард долларга етказиш ниятидамиз. Қозоғистон мазкур стратегик муҳим соҳада яқин
қўшнилар билан ҳар томонлама ҳамкорликни кенгайтириш тарафдори.
Минтақа хавфсизлиги саммитнинг асосий мавзуларидан бири бўлди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев барқарорликни таъминлаш учун кучларни бирлаштиришга чақирди. Давлат
раҳбари Дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имкон қадар
тезроқ кучга киришини таъминлаш зарурлигини кўрсатди. Келаси йили Хавфсизлик кенгаши котиблари даражасида Марказий Осиёда
хавфсизлик ва ҳамкорлик мулоқоти ташкил этишни таклиф қилди. Қозоғистон Тожикистоннинг Миллий мувофиқлаштирувчилар кенгашини
тузиш тўғрисидаги ташаббусини қўллаб-қувватлади. Йиғилиш ниҳоясига кўра 2 та шартнома ва давлат раҳбарлари баёноти имзоланди.
Абдумалик Сарманов таржимаси.