Қосим-Жўмарт Тўқаев Давлат раҳбарларининг VII маслаҳат учрашувида иштирок этди

Қосим-Жўмарт Тўқаев Давлат раҳбарларининг VII маслаҳат учрашувида иштирок этди

Қозоғистон Президенти Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжондаги ҳамкасблари билан бирга давлат раҳбарларининг 7-маслаҳат учрашувида иштирок этди. Конгресс-марказда Қосим-Жўмарт Тўқаевни Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев қарши олди.


Давлат етакчилари даражасидаги маслаҳат учрашуви – фақат ҳамкорликни кучайтириш учун имконият эмас, балки минтақа тараққиётининг келгуси векторларини баҳамжиҳат белгилаш ҳамдир. Қосим-Жўмарт Тўқаев айтганидек, формат самарадорлигини исботлади.


Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:


Умумий ҳаракатлар орқали эришилган минтақанинг ички жипслиги мамлакатларимиз қаршисида тараққиёт ва халқаро ҳамкорликнинг кенг уфқларини очиб беради. Минтақанинг глобал жараёнлардаги муҳим ролини дунёнинг етакчи давлатлари эътироф этмоқда. Шу аснода «Марказий Осиё плюс» форматига қизиқиш ортяпти. Жорий йил, асосий хорижлик ҳамкорлар билан ўтган аввалги саммитларни ҳисобга олсак, бу борада аҳамиятли бўлди. Назаримда, бундай ҳамкорликнинг асосий вазифаси минтақада барқарорликни мустаҳкамлаш ва бир маромдаги ривожланиш учун шароит яратиш, мамлакатларимиз ва халқларимизнинг фаровонлиги, тўкинлигини таъминлашдан иборат.


Қозоғистон Президенти минтақавий ҳамкорликнинг иқтисодий базасини мустаҳкамлашдаги ютуқларни ҳам айтиб ўтди. Минтақада ички савдо  ҳажми ўтган йили 11,5 миллиард долларга етган. Томонлар бу кўрсаткични 20 миллиард долларга етказишни мўлжаллаган. Давлатимиз раҳбари  истиқболли соҳаларда бурилиш ясовчи лойиҳаларни ишга туширишга чақирди. Айнан АСМ, транзит соҳасида, нодир металларни қазиб олиш ва қайта ишлаш, туризмда.


Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:


– Давлатларимиз бундай захираларнинг каттагина, аммо ҳозирча етарли ўрганилмаган жамғармасига эга. Минтақага илғор технологияларни жалб этиш, инновациявий ечимларни жорий қилиш бўйича кучларни бирлаштириш мумкин эди. Қозоғистон Астанада Ноёб металлар бўйича минтақавий тадқиқот маркази барпо этишни таклиф қилади, у инвесторларга амалдаги конлар, уларни ишлатиш технологиялари борасида долзарб ахборот тақдим этиши мумкин.


Сув масаласига ҳам тўхталиб ўтилди, мамлакатимиз етакчиси минтақа давлатларининг сув стратегиясини келишиб олишни, сувни тежашнинг энг яхши амалиётларини кенг ёйишни, келажакда Марказий Осиё сувдан фойдаланиш бўйича асосий конвенциясини ишлаб чиқишни таклиф қилди. Сув захиралари билан ишлашда ягона тамойилларни қўллаш, ихтилофлар хавфини камайтиришда бу муҳим. Ва асосийси, Қосим-Жўмарт Тўқаев маслаҳат учрашувига янада кўпроқ стратегик тус бериш таклифини киритди. Президентимиз фикрича, Миллий координаторлар кенгаши фақат келишувлар бажарилишини назорат қилиб қолмаслиги, балки минтақа тараққиётининг узоқ муддатли йўналишларини ҳам шакллантириши керак. Таъкидлаймиз, келаси йили Давлат раҳбарларининг маслаҳат учрашувига раислик қилиш Туркманистонга ўтади, 2026 йилда у “Марказий Осиё+Озарбайжон” янги, доимий форматида ўтказилади.

Абдумалик Сарманов таржимаси