Қосим-Жўмарт Тўқаев Қўстанай вилоятида бўлди

Қосим-Жўмарт Тўқаев Қўстанай вилоятига қилган сафари давомида минтақанинг саноат ва аграр салоҳияти билан танишди. Янги лойиҳалар туфайли ишлаб чиқариш ҳажми 2 марта ортиши кутиляпти. Давлат раҳбари аввало чўян қуйиш заводига ташриф буюрди. Бу ерда юк машиналари учун бутловчи қисмлар қуйилади. Завод автоматлаштирилган ва роботлаштирилган. Президент корхонада йўлга қўйилган технологияларни юқори баҳолади ва янги қуйилган цилиндрлар блокига дастхат қўйиб берди. Шундан сўнг Давлат раҳбари KIA автомобиль заводи қурилиши билан танишди. Корхона келгуси йилнинг октябрь ойида ишга тушиши кутилмоқда. Олдинига бу ерда Sorento модели йиғилади. 2026 йилдан бошлаб, Sportage маркасини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Лойиҳа қиймати 200 миллион доллар, асосий қисмини бевосита хорижий инвестициялар ташкил қилади. Бундан ташқари, янги завод қошида бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчи корхоналар кластери яратилади. Қосим-Жўмарт Тўқаев «АгромашХолдинг» локализация марказида ҳам бўлди. Корхона CLAAS трактор ва комбайнлари учун турли компонентлар ишлаб чиқариш бўйича буюртма олган. Яқин келажакда дунёга машҳур AMAZONE техника ишлаб чиқарувчиси билан шартнома тузилиши кутилмоқда. Жорий йилнинг ўзида завод ҳудудида экин-тикин ускуналари ва пуркагичлар ишлаб чиқарилади. Президент завод ходимлари билан суҳбатлашди.

Давлат раҳбари минтақа миришкорлари билан ҳам учрашди. Келгуси уч йил давомида минтақада қайта ишланаётган маҳсулот ҳажмини 70 фоизга етказиш режа қилинган. Бунинг учун қатор сут-товар фермалари ва чорвачилик мажмуалари барпо этилади. Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатдаги фермерларга самарали лойиҳаларни рўёбга чиқаришда ҳар томонлама ёрдам берилишини маълум қилди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

– Мен вилоят ҳокимининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 2 марта ошириш режасини тингладим. Умуман олганда, буни рўёбга чиқариш имконияти мавжуд. Вазир ҳам тасдиқлади. Бу ишларни кузатиб борамиз, ёрдам берамиз. Чунки бу – умумий ишимиз. Дон, ун бўйича чуқур қайта ишлашни йўлга қўйиш керак. Уннинг ҳам ўз нархи бор, чуқур қайта ишланиб, биоэтанол чиқара бошласак, маҳсулот нархи кескин ўсади. Шу томонга қараб ҳаракатланиш, технологияларни ривожлантириш керак, қишлоқ хўжалигида бунинг аҳамияти катта.

Абдумалик Сарманов таржимаси