Қозоғистонда БМТнинг 80 йиллигига атаб, почта маркаси
чиқарилди. Астанада тақдимот бўлиб ўтди. Маркани яратишда маҳаллий рассомлар ва
Ташкилот мутахассислари иштирок этди. Ишланма муаллифлари айтишича, почта маркасида
Ташкилотнинг асосий мақсадлари акс этган, бу – тинчлик-хавфсизликни
қўллаб-қувватлаш, шунингдек, халқаро ҳамкорликни равнақ топтириш. Маркада қозоқ
нақшлари ҳам ифодаланган.
Эслатамиз, Қозоғистон бундан 33 йил олдин БМТга аъзо
бўлган. Шу вақт давомида мамлакатимиз ташкилот билан сермаҳсул ҳамкорлик қилиб
келади. Мамлакатимиз БМТ Уставига, шунингдек, барқарор тараққиёт мақсадлари ва тамойилларига
бирдек содиқ, дея таъкидлайди Давлатимиз раҳбари. БМТнинг саксонинчи юбилей Бош
Ассамблеяси сессиясида Қосим-Жўмарт Тўқаев яна бир марта глобал таҳдидларга
қарши курашда Ташкилот аҳамиятини уқтириб ўтди. БМТнинг Қозоғистондаги Доимий координатори
Саранго Раднарагча барқарор тараққиёт ва шерикликнинг юксак даражасига эришиш
учун биргаликда ҳаракат қилиш муҳимлигини таъкидлади. Эслатамиз, бугунги кунда республикада
БМТнинг 27 та агентлик ва муассасаси ишлаб турибди. Бундан ташқари, Алматида
БМТнинг Марказий Осиё ва Афғонистон бўйича Барқарор тараққиёт мақсадлари
минтақавий маркази фаолият кўрсатади.
Скендер Сила, БССТнинг Қозоғистондаги офиси раҳбари:
- Қозоғистон билан ҳамкорлик аъло даражада равнақ топяпти.
Мамлакатингиз кўпгина ташаббусларда етакчи ҳисобланади. Қозоғистон Бутунжаҳон
Соғлиқни сақлаш ташкилоти билан биринчи тиббий-санитария ёрдами соҳасида
ҳамкорлик қилади, бошқа лойиҳаларда қатнашади. Орол денгизи бўйича лойиҳа
мавжуд. Яқин йиллар ичида уни рўёбга чиқармоқчимиз. Унда, шунингдек, Ўзбекистон
ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари ҳам қатнашади. Мақсад — экотизим ҳолатини
яхшилаш, бу одамлар саломатлигига бевосита таъсир қилади.
Тадбирни «Глобал мақсадлар номи билан мусиқа» деб аталган
концерт якунлаб берди. Унда Қозоғистон ва хориж бастакорларининг мумтоз ва
замонавий асарлари янгради.
Абдумалик Сарманов таржимаси

