Коронавирусга қарши эмлаш: зарарли таъсир қайд этилмади

Вакцинация бошланганидан буён Қозоғистонда препарат жиддий салбий таъсир кўрсатиш ҳолати бирор марта ҳам рўйхатга олинмади. Бугун бўлиб ўтган брифингда Нур-Султон шаҳар жамоат соғлиғини сақлаш бошқармаси раҳбари Тимур Муратов шундай маълумот берди. Унинг айтишича, февраль ойида пойтахтга яна  2030 доза зардоб келтирилиши режалаштирилган. Шу кунгача 719 одам хавфли вирусга қарши эмланган. Ҳозирча вакцинация шаҳарнинг 5 та поликлиникасида ўтказиляпти. Оммавий эмлаш ишлари бошланганидан кейин 36 ташкилотда алоҳида кабинетлар очилиши режалаштирилган. Шу кунларда жамоат соғлиғини сақлаш бошқармаси омборларида салкам 1500 дозада «Спутник V» зардоби сақланмоқда. Мутахассислар эмланиш Қозоғистонда кўнгилли равишда ўтказилишини айтиб ўтди.

ТИМУР МУРАТОВ, НУР-СУЛТОН ШАҲАР ЖАМОАТ СОҒЛИҒИНИ САҚЛАШ БОШҚАРМАСИ БОШЛИҒИ:

- Эслатаман, сурункали касалликларга чалинганлар ва яқинда бирор касаллик билан оғриганлар коронавирусдан эмланиши ножоиз. Шу кунларда хасталикни бошидан ўтказаётганлар, жумладан, симптомсиз беморлар препаратни қабул қилиши мумкин эмас. Беморлар билан мулоқотда бўлган қозоғистонликлар карантин тугамагунича эмланмайди.