Қозоғистонлик олимлар қон саратонига қарши препарат кашф қилди. CAR T-ҳужайрали терапияси одатдаги усуллар ёрдам бермаган беморлар учун янги умид беради. Мавжуд ўта зарарли кимё терапияси соғлом ва хаста ҳужайраларга бирдай таъсир қилиши маълум. Бу эса иммун тизимининг иши пасайишига олиб келади. Маҳаллий инновацион ишланма фақатгина хаста ҳужайраларни ўз таъсирига олади. Марказий Осиёда ўхшаши йўқ ушбу даволаш усули келаси йилдан касалликнинг сўнгги босқичидаги оғир беморларга қўлланади.
Вячеслав Огай, Биотехнологиялар Миллий маркази директори:
- СAR-T терапияси қўлланадиган усул ёрдамида фақатгина хаста ҳужайралар йўқ қилинади. Яъни хатарли дард билан анчагина самарали курашади. Натижада қўшимча таъсирлар камроқ бўлади. Шу боис, дори-дармон терапияси билан қиёслаганда, хавфли қон касаллигига йўлиққан бемор бир ойнинг ичида тўлиқ даволаниб, соғаяди, деб айта оламиз. Энг юқори самарадорлик CAR-T ҳужайралари кўчирилганидан икки ҳафта ўтиб, кўзга ташланади.
Бу Миллий биотехнологиялар марказида иш олиб борилаётган лойиҳаларнинг фақат бири, холос. Бугунги кунда марказ жами 230 дан зиёд патентга эга. Мамлакатимиз олимларининг ишланмалари, марказ фаолияти билан танишган халқаро экспертлар буни юқори баҳолади. Бутунжаҳон Интеллектуал мулк ташкилоти, Евроосиё Патент ташкилоти вакиллари, шунингдек, Хитой, Марокаш, Индонезия, Арманистон, Озарбайжон, Тожикистон каби давлатлардаги соҳа мутахассислари биотехнологиялар соҳасида мамлакатимиз билан ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдор.
Григорий Ивлиев, Евроосиё Патент ташкилоти президенти:
- Айниқса, бизни онкогематология қизиқтириб қўйди. Чунки бу масалада илгарилаш – минглаб одамларга умид беради, умрини узайтиради. Яъни хавфли касалликдан тўлиқ соғайиш имконияти туғилади. Марказда шундай жаҳон миқёсида аҳамиятли тадқиқотлар ўтказилиши яқин ҳамкорлик ўрнатиш зарурлигини кўрсатади. Биз бу каби ютуқларни фақат Қозоғистондагина эмас, бутун Евроосиё ҳудудида равнақ топтиришимиз лозим. Бу ягона инновациявий усул жаҳон бозорларига чиқишига ҳисса қўша оламиз.
Абдумалик Сарманов таржимаси

