Коллежларда бу йил 125 минг талаба ўқийди

Коллежларда бу йил 125 минг талаба ўқийди

Жорий йилда коллежларда таълим олиш учун қозоғистонликлар рекорд даражада грант ютган. Таълим муассасаларига 125 минг киши ўқишга кирган, бу 2021 йилдагига нисбатан 45 мингга кўп, дегани, дея хабар беради республика Маориф вазирлиги. Кўпчилик муҳандислик, қурилиш, таълим, туризм, меҳмонхона бизнеси ихтисосликларини танлаган. Таъкидлаймиз, бу йил бепул ўқишни истовчилар учун квоталар рўйхати кенгайтирилган. Кўп болали ва тўлиқ бўлмаган, шунингдек, алоҳида таълимга эҳтиёжи бор болаларни тарбиялаётган оила фарзандлари учун қўшимча ўринлар ажратилган.

Насимжан Оспанова, Қозоғистон Республикаси маориф вазирлигининг техник ва профессионал таълим департаменти директори:

-  Президент топшириғи доирасида 2025 йилга қадар давлат буюртмасининг 70 фоизи техник мутахассисликларга берилади. Жорий йилда 52 мингдан кўпроқ талаба муҳандислик, қайта ишлаш ва қурилиш соҳаларига доир йўналишларни танлаган. Бундан ташқари, 8 мингга яқин талаба бу йил кадрларни кейинчалик иш бериш мажбурияти билан корхоналар сўровига кўра мақсадли тайёрлаш доирасида илк марта грант бўйича ўқишга қабул қилинди. Мақсадли давлат буюртмаси коллежлар меҳнат бозори талабига кўра кадр етиштиришига имкон беради. Яъни коллежни тугатгач, ёшлар дарҳол ишга жойлашади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилда абитуриентлар ариза топшириш мобайнида тўрттагача мутахассислик ҳамда шунча коллежни танлаш имконига эга бўлди.

 

Хуршида Абдуллаева таржимаси.