Қизил Ўрдадаги ноёб миноралар сайёҳларни ўзига тортади

Қизил Ўрдадаги ноёб миноралар сайёҳларни ўзига тортади

Қизил Ўрдадаги ноёб миноралар туристлар эътиборини ўзига тортмоқда. Ғаройиб ва мисли кўрилмаган иншоотларни томоша қилиш, уларни суратга олиш мақсадида минтақага турли мамлакатлардан саёҳатчилар келмоқда. Масалан, 10 метр баландликдаги минораларнинг бири пишиқлиги билан лол қолдиради. Асос қисми кенг, юқорилагани сари торайиб боради. Торгина кириш жойи бор. Ғаройиб кўриниши туфайли сирли туюладиган иншоот хом ғиштдан тикланган.

Еркебулан Елеуов, археолог:

– Тахминларнинг бирига кўра, минора мудофаа мақсадида қурилган. Ўрта асрларда урушлар кўп бўлган. Душман яқинлашаётганини билдириш учун юқорида олов ёқилган. Минора қабилалар чегарасини белгилаган бўлиши ҳам мумкин. Яна бир тахминга кўра, диний маросимлар учун қурилган.

Олим маълум қилишича, Марказий Осиёда миноралар кўп учрамайди. Уларнинг кўп қисми Сирдарё қуйи оқимида. Қизил Ўрда вилоятида 20 тадан кўпроғи мавжуд. Минораларнинг учтаси республика аҳамиятига эга ёдгорлик ҳисобланади. Лекин сўнгги даврда бу тарих дурдоналари емирила бошлагани кузатилмоқда.

Еркебулан Елеуов, археолог:

- Асосий ҳужжатлар тайёрланган. Вилоят маслихатига маблағ ажратиш учун мурожаат қилинди. Аризамиз инобатга олинишига, келажакда ушбу иншоотлар қайта тикланиб, асл ҳолатига қайтарилишига ишонамиз.

Абдумалик Сарманов таржимаси