Қозоқ тилини ўргатувчи дастурлар аудити ўтказиш таклиф қилинди

Қозоқ тилини ўргатувчи дастурлар аудити ўтказиш таклиф қилинди

Давлат тилини ўрганишга қаратилган дастурлар қанчалик самарали? Мажилис депутати Ерлан Саиров қозоқ тилини ўргатишга мўлжалланган дастурлар аудитини ўтказиш таклифини билдирди. У таълим учун ажратилган маблағлар қандай сарфланаётганига, давлат органлари бу лойиҳаларда қозоқчани ўрганаётганларга ёрдам кўрсатиши мумкин бўлган кўнгиллилардан қанчалик фойдаланаётганига эътибор қаратди. Депутат тегишли органлар жамоатчилик олдида ҳисобот бериши зарурлигини таъкидлади. Унинг фикрича, жуда мураккаб геосиёсий вазият Қозоғистон ички сиёсатини, шу жумладан, тилга боғлиқ ҳолатларни ўзгартиришни талаб қилади. Қозоқ тили жипслаштирувчи ўзакка айланиши, жамият ҳамжиҳатлигининг таянчи бўлиши зарур, дейди халқ вакили.

Ерлан Саиров, Қозоғистон Республикаси Парламент Мажилиси депутати:

- Муаммоли ҳолатларнинг бири тил сиёсати, хусусан, давлат тилини ўрганиш ҳисобланади. Давлат тили бўйича таълим жараёни тўғри ташкил этилган тақдирда ўзаро ҳурмат, биродарлик шаклланишига олиб келиши зарур. Она тилимиз жамият ҳамжиҳатлиги, бирлиги тимсолига айланиши жуда муҳим. Шунинг учун давлат тилини ўрганишга қаратилган дастурлар қанчалик самарали эканлиги, таълим олаётганларга қанчалик ёрдам бераётганини текшириш, ўрганиш ўта муҳим.

Абдумалик Сарманов таржимаси