Қосим-Жўмарт Тоқаев Осиё ўйинлари совриндорларини қабул қилди

Қосим-Жўмарт Тоқаев Осиё ўйинлари совриндорларини қабул қилди

Бугун Ақўрдада Қосим-Жўмарт Тўқаев қозоғистонлик спортчиларни ёрқин ғалабалари билан табриклади. Улар қаторида эркин кураш бўйича жаҳон чемпиони бўлган илк қозоғистонлик Ризабек Айтмухан ва XIX Ёзги Осиё ўйинлари совриндорларини қабул қилди. Эслатамиз, Қозоғистон атлетлари ўқ отиш, эшкак эшиш, велоспорт, жиу-житсу ва бошқа спорт турларида юксак кўрсаткичларга эришди. Давлат раҳбари ҳар бир аъзоси Осиё биринчилиги совриндорлари қаторига кирган, жамоаси умумий ҳисобда биринчи ўринни олган каратэчиларни алоҳида қутлади. Давлат раҳбари таъкидлашича, шунга қарамай, мамлакат кўрсаткичлари янада яхшироқ бўлиши мумкин эди. Хато-камчиликлар устида ишлаш вақти келди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Спорт соҳаси ҳамиша давлатнинг эътиборида. Ҳар йили уни ривожлантириш учун катта маблағ ажратилади.  Лекин кўрсаткичлар у қадар юқори эмас. Бизнинг профессионал спортдаги натижаларимиз давлат маблағлари ўта самарасиз ишлатилаётганини кўрсатяпти. Бундай ҳолатга тоқат қила олмаймиз. Соҳага туб ислоҳотлар керак. Тегишли вазирлик вазиятни синчиклаб таҳлил этиши ҳамда спортни ривожлантириш бўйича янгича нигоҳ шакллантириши зарур. Қисқа вақтда аниқ чора-тадбирлар кўрилиши лозим.

Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлашича, биринчи навбатда ажратилган маблағлар самарали бўлишига эришиш, маълум бир спорт турларига эътибор қаратиш, миллий терма жамоаларни тайёрлаш даражасини ошириш, замонавий инфратузилмалар яратиш керак. Давлат раҳбари Ҳукумат ва ҳокимликлар қобилиятли ва истиқболли атлетларни илгарилатиш учун барча шарт-шароитлар яратиши лозимлигини тилга олди. Учрашув ниҳоясида Президент ўтган ишлардан сабоқ олиб, Парижда бўлиб ўтадиган Олимпиада ўйинларига тайёрланиш зарурлигини таъкидлади.  Спортчилар Президентга миннатдорчилигини билдирди. 


Абдумалик Сарманов таржимаси.