Қизил Ўрдада «Қўрқит Ота» аэропортининг янги терминали ишга туширилди. Инфратузилмавий лойиҳанинг амалга оширилиши қўшимча авиайўналишларни, жумладан, халқаро парвозларни йўлга қўйиш, транзит, йўловчи ва юк ташиш салоҳиятини икки марта ошириш имконини беради. Республика Бош вазири объект очилишида таъкидлагани каби, терминал ҳаво бандаргоҳининг ўтказиш қобилиятини 7 марта – йилига 300 минг йўловчидан 2 миллион йўловчига оширишга хизмат қилади. Бу ички туризмни, савдо ва иқтисодиётни ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатади. Янгиланган объект Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси ва Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти стандартларига мувофиқ равишда барпо этилган. Аэропортнинг янги биноси телескопик трап, автомат узатув тизими, юкларга ишлов бериш ва бошқа илғор технологиялар билан жиҳозланган.
Ўлжас Бектенов, Қозоғистон Республикаси Бош вазири:
– Деярли икки йилга яқин вақт ичида замонавий типдаги комфортабелли терминал қуриб битказилди. Ҳозирги пайтда Давлат раҳбари ташаббуси билан мамлакатимиз бизнеси ижтимоий жавобгарлик модели асосида юртимиз минтақаларида йирик объектлар қурилишида фаол иштирок этмоқда. Ушбу лойиҳа – шундай давлат-хусусий сектор шериклигининг яққол далили. Ишончим комил, янги терминал Қизил Ўрда вилояти равнақига хизмат қилади.
Баян Ажмолдаев, «Қўрқит Ота» аэропорти бошқарув раиси:
– «Қўрқит Ота» аэропортидаги янги терминалнинг умумий майдони 7 ярим минг квадрат метрни ташкил қилади. Амалдагиси билан солиштирганда, бу - уч марта катта. Жорий йил ёзида Қизил Ўрдадан Анталияга бевосита рейс амалга оширилди. Келгусида рейс йўналишлари тўлдириб борилади. Янги терминалнинг ўтказув қуввати соатига 250 йўловчидан иборат. Улар учун барча шароитлар яратилган. Бугунги кунда бу ерда ҳафтасига 26 та рейс амалга оширилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.