Қозоғистон – Қирғизистон муносабатлари стратегик ҳамкорлик шаклида ривожланишда давом этяпти. Бугун Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Садир Жапаров тор доирада музокара юритди, сўнгра икки давлат Олий давлатлараро кенгаши йиғилиши ўтказилди. Томонлар ҳамкорлик динамикасини оширишга келишиб олди. Ўтган йили Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасида товар айланмаси салкам чорак марта ортди ва бир ярим миллиард долларни ташкил қилди. Навбатдаги марра – бу кўрсаткични 2 миллиардга етказиш. Қозоғистон 195 товар тури бўйича экспортни ошириш ниятида. Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлашича, Қирғизистон Президентининг мазкур ташрифи ҳамкорликни кенгайтиришга туртки беради, тарихий шартнома тузилишига олиб келди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Бугун икки томонлама муносабатларнинг ривожланишига олиб келадиган тарихий шартномани имзолаймиз. Бунга заррача шубҳа йўқ. Биз бу масалага умид билан қараймиз. Салоҳиятимиз етарли. Олий ҳукуматлараро кенгаш йиғилиши ҳамкорлик соҳасининг кенгайишига ёрдам беришига, бу борада янги уфқлар очишига, янги даражага олиб чиқишига ишончим комил.
Садир Жапаров, Қирғизистон Республикаси Президенти:
- Бугунги тадбирлар Қирғизистон - Қозоғистон муносабатларини янада мустаҳкамланишига ишончим комил. Ушбу музокаралар анъанавий иттифоқчилик ва стратегик алоқалар руҳида ўтмоқда. Қирғизистон Қозоғистон билан икки томонлама алоқаларни чуқурлаштиришга қаратилган ташқи сиёсат олиб боряпти. Бир-биримизни қўллаб-қувватлаш, келажак ҳақида ўйлаш ва муаммоларни бирга ҳал қилиш лозим. Қирғизистон ижро органлари Олий давлатлараро кенгаш қарорларини рўёбга чиқариш учун тегишли чораларни кўради. Ушбу учрашув ўзаро ҳамкорликка янги туртки беришига ишончим комил.
Томонлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни кучайтириш учун Ҳукуматлараро кенгаш ва Минтақалараро форум иши фаоллаштирилади, чегарада қурилаётган савдо-логистика мажмуаси ишга туширилади. Қишлоқ хўжалиги соҳасида қўшма корхоналар ва илмий-тадқиқот институтлари очилади. Инвестициявий лойиҳаларга келганда, Қозоғистон бизнеси Қирғизистондаги ТЭМ ва ферроқотишма заводи лойиҳаларига сармоя ўтказмоқчи. Томонлар сув-энергетика соҳасида ҳам биргаликда иш юритади. Музокаралар ниҳоясида 7 та ҳужжат имзоланди. Улар қаторида инвестицияларни муҳофаза қилиш, рақамлаштиришда тажриба алмашиш бўйича шартномалар, чегарадаги автомобиль ўтказиш пунктларини ривожлантириш бўйича йўл харитаси ҳам бор. Сўнгра Қосим-Жўмарт Тўқаев икки томонлама муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун Садир Жапаровга I даражали «Дўстиқ» ордени топширди.
Абдумалик Сарманов таржимаси.