Kids go free дастури ривожланяпти

Kids go free дастури ривожланяпти

Жорий йилда Кидс гоу Фри дастури воситасида кўплаб қозоғистонликлар фарзандлари билан мамлакат ичида саёҳат қилиш имкониятига эга бўлди. Бундан мақсад – ички туризмни ривожлантириш. Ярим йил ичида уч юздан кўпроқ ёш йўловчи  туристик йўлланма билан бирга бепул авиабилет олди ва оромгоҳларга парвоз қилди.

Ернур Кенжебеков, «Kazakh Tourism» компанияси вакили:

- Дастурда қатнашиш қийин эмас. Масалан, туристлар туроператорга келади, тур брон қилади, болалар авиабилетларини чиқариб ташлаган ҳолда тур сотиб олади, 2-17 ёшдаги болаларга самолёт харажатлари учун давлат субсидия тўлайди. Сўнгра туроператорлар турпакетларни шакллантиради, ўз ҳисобидан болалар учун билет харид қилади, турпакетдан тўла фойдаланилгач, унинг яроқлилик муддати тугагач, “Казах Туризм”га мурожаат этади, биз сўнгги анъаналарга кўра бу аризаларни қисқа муддатда, бир ҳафта-ўн кун ичида кўриб чиқамиз ҳамда туроператорларга маблағини қайтарамиз.

Ҳар бир қозоғистонлик оила бу дастурда иштирок этиши мумкин. Асосий шарт – лойиҳада рўйхатдан ўтган туроператордан турпакет сотиб олиш. Ҳозирча 20 та ташкилот бу йўналишда ишлаяпти. Агарда бола билан бирга яқин қариндошлари, масалан, ака-укаси, опа-сингиллари, бобо-бувилари учса ҳам шу енгилликдан фойдаланиш мумкин. Улар мамлакатнинг исталган туристик йўналиши бўйлаб саёҳат қила олади. Энг оммалашган масканлар ҳақида “Казах Туризм” компанияси вакиллари сўзлаб берди.

Ернур Кенжебеков, «Kazakh Tourism» компанияси вакили:

- Сўнгги йилларда Ақтау, Туркистонга катта эътибор бериляпти, кўплаб туристик мажмуалар бунёд этилди, буларнинг ҳаммаси ички сайёҳлар эътиборини ўзига жалб этади. Мазкур вазият статистикада ҳам ўз аксини топмоқда, тилга олинган ушбу икки шаҳар, жумладан, дастур фойдаланувчилари учун Қозоғистондаги энг оммалашган манзилларга айланди. Юртимизда Кидс гоу фри дастури туристик бизнес учун энг аввал жорий этилди.

Жорий йилда Кидс Гоу Фри дастурини рўёбга чиқариш учун 350 миллион тенге ажратилган. Дастурга кирувчи турлар қозоғистонликларга ўртача 350 минг тенгедан сотилади. Соҳа экспертлари таъкидлашича, шу тариқа Кидс Гоу фри ёрдамида қозоғистонлик саёҳатчилар 30 фоизгача маблағ тежайди.

 

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.