«Астана Опера» саҳнасида яна битта ажойиб премьера нишонланди. Театр артистлари пойтахт аҳли ва меҳмонларига «Қалқаман-Мамир» опера-балетини тақдим этди. Беназир постановка бастакори – Балнур Қидирбек. Сценарий муаллифлари ушбу спектакль ёрдамида Ромео ва Жульетта муҳаббати каби замонга боғланмаган севги қиссасини тақдим этди. Барча даврларда ҳижрон ҳақидаги ҳикоялар мавжуд бўлган. Муаллифлар фикрича, шунинг учун ҳам сюжет кўпчилик кўнглидан жой олади.
Азамат Жилтиркўзов, Қозоғистон Республикасида хизмат кўрсатган арбоб:
- Спектакль премьераси Шакарим Қудайбердиулининг 165 йиллигига бағишланган. «Қалқаман-Мамир» опера-балети унинг асари асосида яратилган. Имконсиз ишқ ҳақидаги ҳикоя. Ўзингизга маълум, қозоқ йигитлари етти авлодига мансуб қизларга уйланиши мумкин эмас. Асардаги бош зиддият ана шунда.
Балнур Қидирбек, бастакор:
- Постановка замонавий томошабин талқинида намойиш этилди. Менимча, спектакль сюжети жаҳондаги ҳар бир инсонга тушунарли. Чунки муҳаббат тилини англамаслик имконсиз.
Нафрат ва муҳаббат дунёси. Декорациялардаги тош ва гулларда бу зиддият жуда яхши акс этган. Постановкада ҳамма нарса майда тафсилотига қадар ўйланган. Бош қаҳрамонлар бетакрор қиёфа касб этади. Машҳур опера режиссёри Юрий Александров постановкасида театр артистлари тана ҳаракатлари билан теран мавзуларни намойиш қила олган. Балет артистларидан ташқари хор яккахонлари ва симфоник оркестр мусиқачилари бу асарга ўзига хос шукуҳ тақдим этган. Миллий спектакль инглиз ва рус тилларига синхрон таржима қилинган ҳолда қозоқ тилида куйланди.
Абдумалик Сарманов таржимаси