Қозоғистоннинг катта қисмида тошқин хавфи сақланиб қолмоқда. Бир қанча минтақаларда қор эриши оқибатида пайдо бўлган сув оқимлари билан кураш олиб бориляпти. Ақтўбе вилоятида бешта дала ҳовли сув остида қолган, биттаси вайрон бўлган. Тўртта туманда сув йўлларни ювиб кетган. 9 та аҳоли манзилгоҳи ташқи дунёдан ажралиб қолган. Ғарбий Қозоғистон вилоятида чегара орқали ўтувчи Урал, Катта ва Кичик Ўзен дарёлари мунтазам кузатиб борилмоқда. Шаҳар яқинидаги дала ҳовлиларни муҳофаза қилиш учун Чаған дарёси соҳилларида қум тўлдирилган қоплар воситасида тўғон кўтарилди. Ақмўла вилоятида вазият мураккаб. Ҳаво ҳарорати кескин кўтарилиши ортидан қор эрий бошлагани сабабли 7 та туманда тошқин хавфи мавжуд. Қутқарувчилар кечаю кундуз ишлаяпти.
Манарбек Шапағатов, ақмўла вилояти фавқулодда вазиятлар вилоят департаменти бошлиқ ўринбосари:
– Шу кунларда Қўсши, Степногорск шаҳарларида, Целиноградск, Аршали, Астраханск, Шўртанди, Жарқаин туманларида эрувгарчилик билан боғлиқ тадбирлар амалга ошириляпти. Жами 200 минг куб метр сув техника ёрдамида тортиб олинди. Қор жадал эригани сабабли туман аҳамиятига эга учта йўлни сув босгани кузатилди. Бу ҳодисалар Ерейментау туманида юз берди.
Қарағандида ҳам тошқин юз бериш мумкин. Дарё ўзанлари кенгайган. Бир қанча кўчалар, кўп қаватли уйлар ертўласини сув босган. Пойтахтдаги 25 та участкада тошқин хавфи мавжуд. Уларнинг кўп қисми Есил ва Алмати туманларида. Фуқаро муҳофазаси, полиция департаменти ва миллий гвардия органлари ходимлари ҳар қандай шароитда ишлашга тайёр.
Абдумалик Сарманов таржимаси.