Келаси йили Астанада сунъий интеллект маркази очилади

Қозоғистонда сунъий интеллект маркази пайдо бўлади. Уни келаси йили Астанада очиш режалаштирилган. Бу маскан самарали дижитал ечимларни саралаш марказига айланади. Қолаверса, Қозоғистон қўшни давлатлар билан биргаликда Каспий тубидан Форс кўрфази давлатларига чиқадиган оптик толали алоқа линияси ётқизиш бўйича лойиҳани амалга оширади. Бундай интеграция маълумотларни йиғиш ва уларни ишлаб чиқиш учун илғор инфратузилмани шакллантиришга имкон беради, шунингдек,  Қозоғистон IТ-ечимларини жаҳон бозорига олиб чиқишда кўмаклашади. Давлат раҳбари рақамли инклюзия ва трансформация бўйича Осиё-Тинч океани вазирлар анжуманида мамлакатда рақамлаштириш ривожи ҳақида сўз юритди. Тадбир ЭСКАТО томонидан ташкил этилган ва дижитал-ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган.


Ўлжас Бектенов, Қозоғистон Республикаси Бош вазири:


- Куни кеча давлатимиз раҳбари ўз Мактубида таъкидлаганидек, Қозоғистон сунъий интеллект кенг қўлланадиган, рақамли технологиялар равнақ топаётган давлатга айланмоғи керак. Айни шулар бизнес, таълим ва соғлиқни сақлаш учун янги уфқларни очади, иқтисодий ўсишни таъминлайди ва миллионлаб одамларнинг имкониятларини кенгайтиради. Биз бу йўналишларни фаол ривожлантирамиз. Бугун юртимиз дунёнинг энг яхши рақамлашган 30 давлати сирасига киради ва кўрсатиладиган онлайн хизматлар бўйича 8-ўринда туради.


Армида Салсия Алишахбана, БМТ Бош котиби ўринбосари ва ЭСКАТО ижрочи котиби:


- Рақамлаштириш меъёрга айланди. У бизнинг иқтисодиётимизни ўзгартиради, қадриятларни яратишда янги имкониятлар очади ва барқарор тараққиётнинг асосий вазифаларини бажаришда ёрдам бериб, ижтимоий тузилмаларни ўзгартиради. Бироқ рақамли трансформация иқтисодий, экологик ҳамда кўзга кўринмас мураккаблик ва мавҳумликка эга ижтимоий таваккалларга ҳам боғлиқ. 


Абдумалик Сарманов таржимаси