Астанада Италия симфоник мусиқаси оқшоми ўтказилди

Астанада Италия симфоник мусиқаси оқшоми ўтказилди. Машҳур пианиночи Жузеппе Гуллотта пойтахт аҳли ва меҳмонлари учун классик асарлар ижро этди. У Ференц Листнинг 1-оркестр билан фортепиано учун ёзган концертини тақдим этди. Бу асар куйлар шиддати ва жарангдорлиги билан машҳур. Ижодий кеча давомида Верди, Беллини, Масканьи каби дунё танийдиган бастакорларнинг асарлари мамлакатимизнинг етакчи мусиқий жамоаси — Қозоғистон Давлат симфоник оркестри ижросида янгради. Италиялик маэстро Самуэле Галеано ушбу оқшомда оркестрнинг моҳир созандаларига дирижёрлик қилди.

Самуэле Галеано, дирижёр, Италия:

- Қозоғистонга биринчи марта келишим. Давлат симфоник оркестри билан ҳамкорлик қилганимдан жуда мамнун бўлдим.  Ўта иқтидорлик жамоа. Ишларимиз асосан итальян бастакорларига бағишланган. Келажакда ушбу симфоник оркестр билан бирга машҳур қозоқ бастакорларининг энг яхши асарларини тақдим этмоқчиман. Бунинг учун анъанавий қозоқ мусиқасини ўрганмоқчиман, унинг дунёсига сингиб кетмоқчиман.

Жузеппе Гуллотта, пианиночи, Италия:

- Қозоғистонга 3-марта келдим. Иккинчи марта Қозоғистон Давлат симфоник оркестри билан бу саҳнага чиқдик. Созандаларнинг маҳоратини таъкидламоқчиман, шу йил улар Сицилияда гастролда бўлишди. Италияда бир қанча концертлар ўтказилди, маҳаллий шинавандаларнинг олқишини олишди. Бу — мусиқа дунёсидаги энг яхши лойиҳалардан бири, деб ўйлайман.

Абдумалик Сарманов таржимаси