Астана яқинида археологик артефакт топилди

Астана яқинида археологик артефакт топилди

Қозоғистоннинг Ақмўла вилоятида ғаройиб артефакт топилди. Тошга ўйилган инсон юзи тасвирини Фавқулодда вазиятлар департаменти ходимлари топиб олишди. Улар археологларни чақиришди. Олимлар бу топилма қайси даврга мансуб эканлигини аниқлаш осон эмаслигини таъкидлашди. Баъзи тахминларга кўра, у бронза даврига оид, бошқалар эса турк даврининг охирги йилларига тўғри келишини таъкидлайди. Бу тош синчиклаб ўрганилгач, кўпроқ маълумот аниқланиши кутиляпти. Ҳозир тарихий аҳамиятга эга артефакт давлат муҳофазасига олинди.


Асет Жанғўжин, Ақмўла вилоятининг Сандиқтау тумани фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи:


– Фавқулодда вазиятлар департаментига хабар бердик, археологлар келишди, тегишли ишлар олиб бориляпти. Унинг тарихий мерос эканлиги қисман тасдиқланди. Унинг келажакда аҳамияти катта бўлишига умид қиламан. Энг қувончлиси, ўз ишларимизни бажариш давомида биз мана шундай улкан топилмага эга бўлдик.


Сергей Яригин, А. Марғулан номли археология институти етакчи илмий ходими:


- Бундай бронза даврига оид тасвирлар Марказий Осиё ва Шарқий Европада учрайди. Шунга ўхшаш типдаги расмлар эрта темир давридан хунн-сармат давригача Жанубий Сибирда яратилган. Ўрта асарларда Евроосиё даштларида кенг тарқалган турк ҳайкалтарошлиги ҳаммамизга маълум. Лекин янги даврда яратилган бўлиши ҳам мумкин. Бундай ўзига хос объект мамлакатимиз ҳудудида иккинчи марта топилди. Биринчиси Бурабай ҳудудида эди.


Абдумалик Сарманов таржимаси