Қарағандига 360 минг турист келди

Қарағандига 360 минг турист келди

Ўтган йили Қарағанди вилоятига 360 минг нафар турист келди. Шундан 16 мингтаси – хорижликлар. Экспертлар фикрича, 2023 йилда бу кўрсаткич анча ошади. Мутахассислар таъкидлашича, янги меҳмонхоналар очилиши ва шаҳарга қизиқиш ортиши оқибатида бунга эришилади.

Женис Ермуқанов, мухбир:

- «Қаерда? Қарағандида!» Қозоғистоннинг бу  шаҳрида қанотли иборага ёдгорлик ўрнатилган. Монумент Гиннеснинг рекордлар китобига киритилгач, Қарағандига қизиқиш янада ортган. Шахтёрлар шаҳрида яна қандай диққатга сазовор ерлар бор? Ҳикоя қиламиз ва кўрсатамиз.

Гидлар фикрича, Қарағанди билан танишишни музей-шахтадан бошлаган маъқул. Рамзий объектда экскурсоводлар шаҳарнинг қандай оёққа тургани тўғрисида ҳикоя қилади. У Қарағанди кўмир бассейнининг ишга туширилиши билан боғлиқ. Бу музейда махсус техника билан танишиш мумкин. Кончилар улардан ер ости бойликларини қазиб олишда фойдаланади.

Мария Брезицкая, гид-экскурсовод:

- Турли туристик гуруҳлар келади, баъзида ташқаридан келадиганлар билан ишлайдиган компания мурожаат этади. Кўпинча бу ерда ишлаб чиқариш қандай ташкил қилинганини кўриш учун кўмир саноатига ихтисослашган одамлар кичик гуруҳ бўлиб келишади. Биз улар учун инглиз тилида экскурсиялар ташкил қиламиз.

Қарағанди – мамлакатнинг йирик саноат маркази, кўмир саноати эса мамлакат иқтисодиётининг ҳаракатлантирувчи кучларидан бири. Музейда ҳар бир саёҳатчи ўзини кончи каби ҳис этиши, катта ишга дахлдорлигини сезиши мумкин. Бунинг учун меҳмонларни шахтёр кабинкасида 15 метр чуқурликка олиб тушамиз. У ерда махсус ускуналар ўрнатилган.  Тушишдан олдин инструктаж ўтказилади.

Музейнинг ер ости қисми юз квадрат метрдан зиёд. Ишлаб турган шахталардаги каби ускуналар қўйилган.  Муҳими, уларнинг ҳар бири тўлақонли ишлатилиши мумкин. Туристларга приборлар, шунингдек, ер ости техникаси иши намойиш этилади.    

Бу эса Қарағанди экология музейи. Унда мамлакатда ва минтақада мавжуд бўлган турли табиий бойликлар билан танишиш мумкин. Эслатамиз, Қозоғистон жаҳоннинг энг йирик кўмир қазиб олувчилари ўнлигига киради. Захираларга кўра биз дунёда 8-ўриндамиз. Қарағанди вилоятида кўплаб фойдали қазилма конлари мавжуд. Шунингдек, бу ўлкадан кўплаб буюк инсонлар чиққан. Улар қаторида Алихан Бўкейханов, Сакен Сейфулин, Нуркен Абдиров, Қасим Аманжўлов, бошқа сиёсий арбоблар, маданият дарғалари бор.  Минтақа тарихида Абайнинг тутган ўрни катта.

Темирлан Серик, Қарағанди вилоят ўлкашунослик музейи кичик илмий ходими:

- Баъзи маълумотларга кўра, Абай Қарқарали уездида туғилган, кейинроқ Семейга кўчиб кетган. Шундан келиб чиққан ҳолда биз Абай юртимиз фарзанди, деб айта оламиз. Ҳозир ўлкашунос олимлар бу фактни тасдиқлаши мумкин бўлган ҳужжатларни тадқиқ этиш билан банд. Маълумки, Абай болалигининг кўп қисми  Қарқаралида ўтган. Шу ерда машҳур савдогар Халиўлла Бекметовнинг уйи бўлган, Қўнонбойнинг оиласи кўпинча унинг уйида тўхтаган. Абанинг кўп шеърлари ушбу заминга аталган. 

Қарағандининг яна бир машҳур диққатга сазовор жойи болалар темир йўли ҳисобланади. 1956 йилда иш бошлаган бу линия кейинчалик машҳур аттракцион - Хогвартс-экспрессга айлантирилди. Поттер асари мухлислари шаҳар паркининг энг жозибадор жойларини сайр қила олади.  Поездга таълим олаётган темирйўлчи талабалар хизмат кўрсатади.

Абдумалик Сарманов таржимаси