Балхашлик рассом ва гобеленлар муаллифи, 74 ёшли Умиргелди Абеуов экспозиция тайёрлаяпти. Унинг коллекциясида ип билан тўқилган 60 дан зиёд картина бор. Асарларнинг кўпчилиги мамлакат тарихига бағишланган. Гобелен санъатини эгаллаш у қадар осон эмас, дейди уста. Бўёқ ўрнида рангли иплардан фойдаланилади. Иш мураккаб, битта полотно устида бир неча ой ишлаш мумкин. Аввалига эскиз яратилади, сўнгра ижодкор тўқишга киришади. Одатда, ипак иплардан фойдаланади.
УМИРГЕЛДИ АБЕУОВ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ РАССОМЛАР УЮШМАСИ АЪЗОСИ:
- Гобелен санъати ортиқча ташвиш, баъзида дуч келинадиган стрессли вазиятлар туфайли пайдо бўладиган нохуш хаёллардан қутулишимга ёрдам беради. Бир ишдан иккинчисига ўтишим учун вақт керак. Баъзида бунга 3-4 ой кетади. Тўғрисини айтганда, бу санъат сабр ва қунт талаб қилади.
Оқсоқол кўп йиллик фаолияти давомида олтмишдан зиёд ноёб асар яратган. Уларнинг кўпчилиги қозоқ халқи учун оғир кечган даврлар, тарихга бағишланган. Масалан, 30-йиллардаги очарчиликка. Теран ва мазмундор фикрларни ўзига сингдирган. Унинг коллекциясидан бир қисми турли музейларда сақланади.
Абдумалик Сарманов таржимаси