Алматидаги «Юлдузлар хиёбони» янги номлар билан тўлдирилади

Алматидаги «Юлдузлар хиёбони» янги номлар билан тўлдирилади

«Қозоқ киноси юлдузлари хиёбони» янги номлар билан тўлдирилади. «Қазақфильм» киностудиясида мамлакат кинематографияси ривожига салмоқли улуш қўшган 13 нафар таниқли киноарбобга қўйилган хотира юлдузлари тантанали равишда очилди. Улар орасида халқ ёзувчиси Ўлжас Сулаймонов, қозоқ киноси фахрийси Қадир Қўсай, Қозоғистон халқ артисти Қуман Тастамбеков, Қозоғистонда хизмат кўрсатган артист Меруерт Утекешева, биринчи қозоқ кинооператори Искандер Тинишпаев ва бошқалар бор. Тадбир Алмати кинохроника студиясининг 80 йиллиги ва Халқаро кино кунига бағишланди. Эслатамиз, “Қозоқ киноси юлдузлари хиёбони” 2011 йил кузида очилган.

Бўлат Абдилманов, Қозоғистон Республикасида Хизмат кўрсатган арбоб, актёр:

– Замонавий қозоқ киноси жаҳоннинг кўплаб кинозалларида намойиш қилинмоқда. Мамлактимиз маҳсулоти томошабинлар кўнглидан жой оляпти. Йирик халқаро кинофестивалларда картиналаримиз бош совринга сазовор бўлмоқда, демак, профессионал ҳакамлар ва танқидчилар уларни юқори баҳолаяпти. Умуман олганда, қозоқ киноси ўсиш босқичига кирди. Энг муҳими, биз қозоқ киносини дунё танишига эришишимиз керак. Мен киномаҳсулотлар туфайли воқеаларга бой тарихимиз, маданиятимиз, ўзига хос урф-одатларимиз ҳақида турли давлатларда имкон қадар кўпроқ одам билиши учун фильмларда халқимизнинг бой тарихини акс эттириш керак деб ҳисоблайман.

Айдархан Адилбаев, «Қазақфильм» киностудияси вице-президенти:

– Жорий йилда «Муқағали» фильми суратга олинди. Дарежан Ўмирбаевнинг «Ақин» фильми чиқди. Шунингдек, «Қосимхон» тайёрланди. «Олтин одам» анимацион мультфильми суратга олиняпти. «Тўмарис» халқаро бозорда ўзини кўрсата олди. АҚШда кўплаб томошабинини топди. 8 давлат картинани намойиш қилиш ҳуқуқини сотиб олди, ўз тилига ўгирди, дубляж қилди. Ҳозир Нетфликс билан ишлаяпмиз. Ўз фильмларимизни таклиф қиляпмиз. Таклифларни ўрганяпти. Келаси йилда унинг майдончаларида фильмлар қўйилиши мумкин.

Абдумалик Сарманов таржимаси