Январь ойида бўлган тартибсизликларда тайёрланган жиноий тўдалар, бузғунчи диний оқим аъзолари ва илгари судланган шахслар иштирок этган. Бу ҳақда брифингда Қозоғистон Бош прокуратураси Махсус прокурорлар хизмати бошлиғи ўринбосари маълум қилди. Нурлибек Сабитов айтишича, бугунги кунда 5 мингдан зиёд судгача тергов-суриштирув тадбирлари ўтказилган. Маълум бўлганидек, Алмати ва Чимкент шаҳарларида, шунингдек, Ақтўбе, Атирау, Алмати, Жамбил, Қизил Ўрда ва Шарқий Қозоғистон вилоятларида тартибсизлик ва теракт содир этилган, давлат объектларига ўт қўйилган, мол-мулкка зарар етказилган.
Нурлибек Сабитов, Қозоғистон Бош Прокуратураси махсус прокурорлар хизмати бошлиқ ўринбосари:
- Бугунги кунда барча жиноий ишлар бўйича 286 нафар гумонланувчи назорат остида сақланмоқда. Аниқланишига кўра, улар тартибсизлик, биноларга ўт қўйиш, ўқотар қуролларни ўғирлаш, давлат объектларига ва куч ишлатар тизимлар ходимларига қуролли босқин уюштиришда фаол қатнашган. Ҳар бирининг жиноят содир этишда иштироки борлиги ҳақида етарли маълумотлар мавжуд. Январь воқеаларига оид 474 та жиноий иш судларга ўтказилди.
Бош прокуратура вакили билдирганидек, асосий фаолият оммавий тартибсизлик ва терактлар бўйича олиб борилмоқда. Бунда мингдан ошиқ киши гумон қилиняпти, уларнинг ҳар бирига нисбатан мажмуавий тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Хусусан, сўроқ, юзлаштириш, далил тўплаш, кўрсатмаларни текшириш ва бошқалар.
Абдумалик Сарманов таржимаси.