Камондан ўқ отиш бўйича Қозоғистон миллий терма жамоаси V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларига фаол ҳозирланяпти. Спортчилар пойтахт ипподроми ҳудудида маҳоратини чпохламоқда. Асосий беллашувлар айнан шу жойда ўтказилади. Таъкидлаш жоизки, бу майдонча кенг кўламли беллашувларга тайёрлаб қўйилган.
Бақберген Салимов, камондан ўқ отиш бўйича Қозоғистон терма жамоаси аъзоси:
– Биз иқлим шароитини, шамол йўналишини, нишонгача масофани ҳисобга олишимиз керак. Камондан ўқ отиш бўйича яхши кўрсаткичларга эришишни мақсад қилганмиз. Анжуман мамлакатимизда ўтказилади, шунинг учун масъулият катта.
Ажар Рахметқизи, камондан ўқ отиш бўйича Қозоғистон терма жамоаси аъзоси:
– V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларигача жуда оз вақт қолди, тайёргарлик ишлари фаоллашди. Менимча, она заминимизда юқори кўрсаткичларга эришамиз. Қозоғистон учун олтин медаль оламиз. Шу мукофотга эришиш учун 100 фоиз кучимизни бераяпмиз.
Шу кунгача 35 давлат вакиллари анъанавий камон отиш бўйича беллашувларда қатнашиш истагини билдирди. Улар аризасини топширишга улгурди.
Диас Ахметов, камондан ўқ отиш бўйича Қозоғистон терма жамоаси бош тренери:
– Фақат аккредитациядан кейингина қатнашувчи давлатлар сони аниқ бўлади. Туркия, Малайзия, Қирғизистон, Венгрия, Россия камончилари яхши тайёрланган. Ўзим қатнашган хориждаги беллашувларда бунга амин бўлганман. Лекин мен спортчиларимиз энг юқори кўрсаткичларга эриша олади ва олтин медалга сазовор бўламиз, деб ўйлайман.
Эслатамиз, V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари Астана шаҳрида 8-13 сентябрь кунлари ўтказилади. Беллашувларда 89 давлатдан икки минг нафардан зиёд атлет қатнашади. Жами 21 спорт тури бўйича 97 медаль жамламаси ўйналади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.