Қобонбой ботир дафн этилган бўлиши эҳтимол тутилган ер аниқланди. У Россияда. Алматида бўлиб ўтган илмий-амалий конференция давомида тадқиқотчилар қадимий харитани намойиш этди. Тадқиқотчи Серикбосин Сайдағали берган маълумотга кўра, 18-аср харитасида ҳозир қўшни давлат ҳудудида бўлган жой акс эттирилган. Унда умрининг сўнгги йилларида буюк лашкарбоши яшаган ва дафн этилган улус номи кўрсатилган. Маълумки, Қобонбой ботир Абилайхон даврида шуҳрат қозонган. У 15 йил жўнғор истилосига қарши курашган. Олимлар ботир мангу ором олган жой ҳақида турли тахминлар келтиради. Баъзилар у ҳозирги Астанадан 30 километр нарида дафн этилган деса, бошқалар Қизил Ўрда яқинини тилга олади. Яна бир фикрга кўра, унинг қабри ҳозирги Хитойда. Ботир авлодлари эса ўз тахминига эга.
Луқпан Сидиқов, Қобонбой ботир авлодидан:
- Мен ботирнинг саккизинчи авлоди вакилиман. Барча аждодларимиз оғиздан оғизга бериб келган маълумот бор. Унга кўра, бобомиз Алакўлнинг юқори қисмида, Жўнғор дарвозасининг чап томонига дафн қилинган. У машҳур ботир эди, 103 марта яккама-якка жангга чиққан, ҳамиша ғолиб бўлган. Охирги марта 78 ёшида урушга чиққан.
Абдумалик Сарманов таржима қилди