Қўстанай вилоятидаги вазият назорат остида. Минтақада ёнғинни сўндириш учун барча чора-тадбирлар кўриляпти. Қосим-Жўмарт Тўқаев тезкор штаб йиғилишида қатор топшириқлар берди. Уларнинг ҳаммаси тезроқ табиий офатга барҳам бериш бўйича турли вазирликлар биргаликда иш олиб боришига қаратилган. Президент ёнғин туфайли уйини ташлаб чиқишга мажбур бўлганларга ёрдам кўрсатиш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Қўстанай вилояти ҳокимлиги жабрланганларга қисқа вақт ичида тегишли ёрдам етиб боришини таъминлаши даркор. Шунингдек, Давлат раҳбари Фавқулодда вазиятлар, Мудофаа ва Ички ишлар вазирликларининг шахсий таркиби, кўнгиллилар билан учрашди. Қосим-Жўмарт Тўқаев барча иштирокчиларга кўрсатган жасорати учун миннатдорчилик билдирди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Бизнинг вазифамиз – биринчи навбатда ёнғин оқибатларини бартараф этишдан иборат. Бу офат ҳали тугатилганича йўқ. Демак, ушбу участкалардаги ўт бутунлай ўчирилиши зарур. Олов бошқа вилоятларга ҳам тарқалгани сир эмас. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги олдида жиддий вазифалар турибди. Юз берган воқеалардан тегишли хулоса чиқарилиши лозим. Ҳар бир фалокат биз учун дарс бўлиши керак. Мен эътиборингизни қаратмоқчи бўлган асосий масала: тегишли вазирликда, бошқа куч ишлатиш идораларида аниқ фаолият алгоритми йўқлиги кўзга ташланди. Бу масала ҳал этилиши зарур.
Давлат раҳбари Авлиёкўл қишлоғидаги мактаб биносида ташкил қилинган эвакуация пунктида ҳам бўлди. У ёнғиндан жабрланганлар билан суҳбатлашди, оғир кунда давлат уларга ёрдам кўрсатишини билдирди. Икки ой ичида бошпанасидан айрилганлар учун дастлабки уй-жойар бунёд этилади. Шунингдек, Президент гуманитар ёрдам тақсимланувчи пункт фаолияти билан танишди.
Абдумалик Сарманов таржимаси.