«Қулан шаҳри тамаддунлар туташган ерда». Пойтахтда, Миллий музейда шу номдаги кўргазма очилди. Экспозицияларда кўҳна шаҳардан топилган фрескалар ўрин олган. Тупроққа туширилган ҳар битта тасвир ўзига хос. Улар ибодатхонани тадқиқ этиш давомида қўлга киритилган. Мутахассислар фикрича, VIII асрга тегишли бундай қимматбаҳо артефактлар аввал Марказий Осиёда топилмаган. Сўнгги уч йил мобайнида бу нодир асарлар реставрация қилинди. Қуланда тургеш, қарлуқ ва қорахонийлар даврига оид археологик ва маданий қатламларга дуч келинган. Юртимиз олимлари фикрича, ушбу ўрта асрлар шаҳри кўпгина сирларни сақлаб келяпти. Зеро, экспозицияда тақдим этилган артефактлар кўҳна шаҳарнинг бор-йўғи 40 квадрат метрлик майдонида ўтказилган қазишма чоғида топилган. Айтиш керак, Қулан тарих ва маданият ёдгорлиги сифатида ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.
Серик Ақилбек, археолог:
- Унинг чегарасидан ташқарида эса Шаҳристон бўлган. Ўлчамлари 230/230 метр. Шаҳристоннинг бу қисми ўрганилмаган. Ташқари томонида Работнинг бир қисми қолган. Радиуси бир километрга тенг. Унинг ортида, ташқи тарафда эса «балат» дейилган қисм бор. Ташқи қўрғон периметри 15 километрни ташкил этади. Шу боис, бу шаҳар тўлиқ ўрганилган, деб бўлмайди. Ҳозирги пайтда Қулан шаҳри бўйича илмий лойиҳалар тайёрлаяпмиз. Ушбу лойиҳалар давлат ажратадиган грант ҳисобига молиялаштирилади. ЮНЕСКО Қулан шаҳрини тадқиқ қилиш, музеификациялаш ва консервациялашга маблағ ажратади, ишлар жорий йилдаёқ бошлаб юборилади.
Хуршида Абдуллаева таржимаси