Кўкшетау университети Жанубий Кореянинг бешта олий илм даргоҳи билан ҳамкорлик қилмоқда. Қозоғистон делегацияси Сеулдаги элчихона ёрдамида Тонгги мусаффолик мамлакатининг энг яхши ўқув юртларида бўлди. Улардан бири корейс тилини ўқитиш учун Кўкшетауга ўз мутахассисларини юборишга розилик билдирди. Чўқон Валихонов номли университет ўқитувчилари эса корейс талабаларига қозоқ тилини ўргатади. Шунингдек, техник ихтисосликлар бўйича икки томонлама тан олинадиган дипломлар масаласи ҳал этилди. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистонда уч йил ичида камида 5 та хорижий университет филиалини очишни топширган.
Жайлагул Сағиндиқова, Кўкшетау университети проректори:
- Президентимиз Қосим-Жўмарт Кемелевич Тўқаев топшириғига кўра, аввал айтганим каби, Қозоғистоннинг барча олий илмгоҳлари хорижий олий таълим даргоҳлари билан стратегик ҳамкорлик ўрнатиш бўйича иш олиб боряпти. Ай-Ти йўналишлари, киберспорт, педагогик йўналишлар, магистратура бўйича икки томонлама дастурлар мавжуд. Шунингдек, келажакда филиал очиш масаласини кўтарамиз.
Абдумалик Сарманов таржимаси