Йиғим-терим кампанияси давом этяпти

Йиғим-терим кампанияси давом этяпти

Жорий йилда қозоғистонлик миришкорлар 13,5 миллион тонна буғдой ҳосили олишни режалаштирган. Бу эса ўтган йилги кўрсаткичдан салкам 20 фоизга кўп. Ялпи йиғим-терим кампанияси якунига етмоқда. Республика шимолида гектаридан ўртача 14 центнер ҳосил олиняпти. Жами тўрт ярим миллион тонна буғдой олиниши режалаштирилган.

Мейрам Мендибаев, Шимолий Қозоғистон вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармаси раҳбари:

- Дон экинлари етиштирилаётган 3,1 миллион гектардан 2,9 миллион гектарида ҳосил йиғиб олинди. Далаларнинг 94,1 фоизида маҳсулот йиғиб бўлинган. 350 минг гектарда, яъни жами 36 фоиз майдонда мойли экинлар олинган. Ўртача ҳосил – гектарига 7 центнер.

Шу билан бирга, Қўстанай вилоятида 4 миллион тонна буғдой ўриб олинди. Минтақада ўртача ҳосил гектарига 11 центнерни ташкил қилди. Мутахассислар фикрича, қулай об-ҳаво юксак кўрсаткичларга эришиш имконини берди.

Кенже Жуманбеков, Қўстанай вилояти қишлоқ хўжалиги ва ер муносабатлари Бошқармаси Бош мутахассиси:

– Ушбу ҳафтада ҳосил йиғим-теримини тугатиш ниятидамиз. Мойли экинларни ҳам. Жангелди тумани ҳудуди бироз кичик, ундаги ҳосил тўла йиғиб олинди. Бир неча туманларда ҳосил байрами яқин. Амангелди ва Наурзум туманларидаги далаларнинг 95 фоизида иш ниҳоясига етди. 

Ақмўла вилоятида ҳам йиғим-терим тугаш арафасида. Дам олиш кунлари қолган ишларни якунлаш мўлжалланган. Миришкорлар таъкидлашича, жорий йилда вилоятда 5 миллион тонна юқори сифатли буғдой янчилади.

Еркеш Аленов, Ақмўла вилояти қишлоқ хўжалиги Бошқармаси раҳбар ўринбосари:

- Жорий йилда давлат томонидан 83 минг тонна имтиёзли дизель ёнилғиси ажратилди. Унинг 72 минг тоннаси хўжаликларга тақсимланди. Қолган ёнилғи имзоланган  шартномага кўра шу ой ичида етказиб берилади.

Ақтўбе фермерлари ҳам юксак хирмонни кўзлаб турибди. Минтақада дастлабки ҳисобларга кўра ҳар гектардан 15 центнер ҳосил олинади. Баъзи туманларда кўрсаткич бундан ҳам юксак бўлиши мўлжалланмоқда.

 

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.