Қозоғистон ва Ўзбекистон иттифоқчилик муносабатлари тўғрисида декларация имзолади. Шавкат Мирзиёевнинг пойтахтимизга қилган давлат ташрифи чоғида Ақўрдада икки давлат раҳбарлари ўртасида музокара бўлиб ўтди. Улар минтақадаги хавфсизликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратган ҳолда, икки тарафлама стратегик шериклик борасидаги кенг кўламли масалаларни муҳокама қилишди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Бу чиндан ҳам ўзаро алоқаларнинг янги даражаси. Илгари биз стратегик ҳамкорлик тамойилларига таянардик. Шунинг учун, ўйлайманки, бугун имзоланадиган ҳужжатлар пакети давлатларимиз ўртасидаги шерикликка қўшимча импульс беради. Қолаверса, давлатларимиз ҳукуматларига яқин вақт ичида савдо ҳажмини 3 миллиардга етказиш, кейинроқ эса 10 миллиардга чиқариш бўйича тезкор самарали чоралар кўришни топшириш ҳақида келишиб олдик.
Ўз навбатида, ўзбек етакчиси Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевга илиқ қабул учун миннатдорлик билдирди.
Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Республикаси президенти:
- Қозоғистон Мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида келганимиз тасодиф эмас, чунки халқларимиз узоқ асрлардан бери ўзаро дўст ва қадрдон, бор умидимиз тикилган заминни эъзозлаймиз, бугун бу жиҳат ўзаро алоқаларимизни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Кўп иш қилинди. Бош вазир раҳбарлигида тадбирлар, форумлар бўлиб ўтди. Бу сиз айтган рақамлар учун катта туртки берди. Йил охирига қадар товар алмашинуви бизнинг ҳисобда 4 миллиарддан ошади.
Ўзбекистон делегацияси ташрифи доирасида томонлар бир қанча, хусусан, машинасозлик борасида ҳам шартнома имзолади. 200 миллиард тенгедан ошиқ маблағ эвазига тузилган меморандум маҳаллий енгил автомобилларнинг ишлаб чиқарилаётган намунавий ассортиментини кўпайтиришни назарда тутади. Шунингдек, шартнома қишлоқ хўжалиги машинасозлиги соҳасидаги шерикликни ҳам ўз ичига олган.
Хуршида Абдуллаева таржимаси