Ақтўбе вилояти «Бизнес йўл харитаси-2025» дастури бўйича давлат ёрдамини олган тадбиркорлар сони борасида пешқадам. Дастурни рўёбга чиқариш учун бюджетдан салкам 12 миллиард тенге ажратилди. Минтақада жами уч мингдан зиёд лойиҳа молиялаштирилган. Шулардан бири – нефть-кимё ва тоғ-кон саноати маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхона. Унда зичловчи халқалар, гидравлик манжетлар, мембрана ва втулкалар тайёрланади. Дастур доирасида корхона 82 миллион тенге имтиёзли кредит олган.
Азамат Базар, тадбиркор:
- Йиллик 6 фоиз устама билан қулай шартлар асосида қарз олинди. Ҳозир янги дастгоҳлар сотиб олиш ниятидамиз. Хитой билан музокаралар давом этяпти. Келажакда турли резина-техник буюмлар ишлаб чиқарамиз. Импорт ўрнини тўлдиришга хизмат қиламиз.
Ақтўбе вилоятида шу кунларда кичик ва ўрта бизнесга тегишли 77 мингта корхона мавжуд. Улар 2022 йилнинг биринчи ярмида 640 миллиард тенге қийматга эга маҳсулот ишлаб чиқарган. Йўл харитаси доирасида тўрт йўналишда давлат ёрдами берилади. Уларга субсидиялаш, кафолатлаш, грантлар ва зарур инфратузилмалар етказиб бериш киради.
Нурхан Тлеумуратов, вилоят тадбиркорлик бошқармаси раҳбари:
- Ҳар йили турли соҳаларда янги корхоналар ишга тушириляпти. Куни кеча биз янги ижтимоий объект – талабалар учун ётоқхона очдик.
Абдумалик Сарманов таржимаси