2021 йилда Қозоғистон ва Италия ўртасида товар айланмаси 9 ярим миллиард долларгача ўсди. Апеннин ярим оролидан мамлакатимизга келган инвестициялар эса 123 миллион долларни ташкил қилди. Бу кўрсаткич ўсиши кутиляпти. Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - Ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеубердининг Италия сиёсий ва иқтисодий доиралари вакиллари билан учрашувидан сўнг шундай баёнот берилди. Бугунги кунда нефть-газ секторида, қурилиш, инфратузилмаларни ривожлантириш ва энергетикада 200 дан зиёд итальян компанияси ишлаб турибди. Европа тадбиркорлари озиқ-овқат ва қайта ишлаш саноати, транспорт ва логистика, қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, яшил энергетикада ҳамкорлик қилиш ниятида.
Мухтар Тлеуберди, Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - ташқи ишлар вазири:
- Қозоғистондаги лойиҳаларга инвестиция киритган итальян компаниялари секцияси катта қизиқиш уйғотди. Геосиёсий вазият туфайли маълум қийинчиликларга дуч келаётган, бизнесини Россиядан бошқа давлатларга ўтказишни режалаштираётган компаниялар учун яхши таклиф. Биз улар билан ҳамкорлик қилиш йўллари хусусида суҳбатлашдик. Мамлакатимиз инвестициявий иқлими шароитида тақдим эта оладиган имтиёзлар ва енгилликлар ҳақида маълумот бердик.
Роберто Луонго, Италия савдо ва инвестициялар агентлиги директори:
- Санкциялар Италия бизнеси ва иқтисодиётига таъсир кўрсатяпти. Ҳукуматимиз савдо агентликларин қўллаб-қувватлайди, янги имкониятлар топишга интилади. Бу эса Қозоғистонга маҳсулот экспорт қилиш, инвестиция киритиш мумкинлигини кўрсатади. Итальян компаниялари бозорларини кенгайтиришини истардик. Қозоғистон улар учун жуда муҳим.
Икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган яна бир қадам – Қозоғистон ва Италия ўртасида бевосита авиаалоқа ўрнатилиши. 12 июндан бошлаб «Милан – Алмати» йўналиши бўйича мунтазам парвозлар амалга оширилади. Экспертлар таъкидлашича, натижада туризм учун янги имкониятлар очилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.