2022 йилда газлаштириш 58 фоизга етади

2022 йилда газлаштириш 58 фоизга етади

Йил охиригача Қозоғистонда 93 та аҳоли манзилгоҳи табиий газ билан таъминланади. Бунинг учун давлат бюджетидан қўшимча 50 миллиард тенге ажратилиши кўзда тутилган. Энергетика вазири Бўлат Ақчулақов Ҳукумат йиғилишида маълум қилишича, ўтган йил якунларига кўра, мамлакатда газлаштириш ишлари салкам 60 фоизга, «зангори олов»дан фойдаланаётганлар сони эса 11 миллион кишига етган. Вазир маълум қилишича, бу ишлар 2030 йилгача мўлжалланган газлаштириш бош схемаси асосида рўёбга чиқарилади. Лойиҳа бюджет маблағлари, газ ва газ таъминоти бўйича миллий оператор даромади, шунингдек, республика қонунчилиги тақиқламаган бошқа манбалар орқали молиялаштириляпти.

Бўлат Ақчулақов, Қозоғистон Республикаси энергетика вазири:

- Жорий йилда вазирликнинг бюджет дастури доирасидаги мамлакатни газлаштириш дастури асосида республика бюджетидан 45,8 миллиард тенге, шунингдек, 2022 йил республика бюджетига аниқликлар киритиш доирасида яна 50,1 миллиард тенге маблағ ажратилди. Натижада, 133 лойиҳа учун 96 миллиард тенге бор, яна 146 минг одам - 93  та аҳоли манзилгоҳини газ билан таъминлай оламиз. 2022 йил якунига кўра газлаштириш кўрсаткичи 58,43 фоизга етади.

Вазир маълум қилишича, газлаштириш бош режасини такомилига етказишдан ташқари вазирлик газ-транспорт инфратузилмаларини мустаҳкамлаш ҳамда табиий газ учун нарх белгилаш моделини ўзгартиришни режалаштирган.

 

 Абдумалик Сарманов таржимаси.